Суриянинг энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири шимоли-ғарбий ҳудудлардир. Мамлакатнинг шимолий қисми ҳамон исёнчилар назорати остида. Айнан шу ерга уч миллионга яқин киши урушдан қочиб келган. Уларнинг кўпчилиги палаткаларда, қадимий харобаларда ва вақтинчалик бошпаналарда яшайди.

Уруш натижасида юзага келган иқтисодий таназзул туфайли уларнинг аксар қисми очликдан қийналмоқда. Шу йилги қишдаги ёнилғи инқирози туфайли бу одамларнинг катта қисми иссиқликсиз ҳам қолди.

Сурия инфратузилмаси вайрон қилингани сўнгги ойларда минглаб инсонлар вабо билан касалланишига, уларга ёрдам бериши керак бўлган шифохоналарда тиббий ёрдам бериш учун ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқлигига олиб келди.

6 феврал куни буларнинг барчасига кучли зилзила ҳам қўшилди. Касалхоналардаги манзаралар жанговар ҳаракатлар авжига чиққан манзараларни эслатарди: палаталар беморлар билан тўлиб-тошган, койкалар етишмайди, шифокорлар ҳар бир бурчакда жабрланганларни даволамоқда.

«Биз узоқ вақт осмонга қараб ҳарбий самолётларни қидирдик. Менинг миям менга бу яна бир уруш эканини пичирларди», дейди суриялик шифокор Осама Саллум.

Сурия шифохоналарида жой, дори-дармон ва жиҳозлар етишмайди. Фото: ANADOLU AGENCY

Саллум мухолифат назоратидаги шимоли-ғарбий минтақадаги бир қатор шифохоналарни қўллаб-қувватловчи Сурия-Америка тиббиёт жамияти фондида ишлайди.

«Мен зилзиладан бир неча соат ўтгач Атаребдаги касалхонага бордим. Мен у ердан чиққанимда тахмиман 53 киши ҳалок бўлган эди. Ярадорлар сонини эса санай олмадим», дейди шифокор.

Саллумнинг сўзларига кўра, биргина ушбу шифохонада аллақачон 120 дан ортиқ инсон жон берган ва ресурслар етишмаслиги фалокат оқибатларини бартараф этишга имкон бермаяпти.

«Вайроналар остидан қутқарилган одамларнинг кўпчилигида жиддий жароҳатлар бор, улар махсус даволаш ва замонавий жиҳозларни талаб қилади» дейди Саллум. Унинг қўшимча қилишича, Атаребдаги шифохонада фақат биттагина эски компьютер томографияси бор.