Ўзбекистон | 16:30 / 13.02.2023
13196
2 дақиқада ўқилади

АҚШда яшаётган ўзбекистонликдан товламачилик билан 28 минг доллар талаб қилган фуқаро ушланди

Товламачига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Товламачилик қилган шахс Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан Тошкент вилоятида қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган, ҳозирда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи 22 ёшли шахс ғаразли ниятда ижтимоий тармоқларда аёл кишининг номидан саҳифа очган.

Сўнг у АҚШда яшайдиган асли Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан бўлган фуқаро билан танишиб, у билан «ишқий муносабатлар»га киришган.

Кўп ўтмай у АҚШда яшаётган фуқародан товламачилик билан пул ундириш мақсадида алоқаларни бузган ва унинг оилавий суратларини монтаж қилиб интернетда тарқатиш билан қўрқитган.

Йигит товламачилик йўли билан тойлоқлик фуқародан дастлаб Чирчиқдаги банк бўлими орқали 600 доллар олган. Сўнг ундан 28 минг доллар талаб қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилган ва товламачининг исм-шарифи ҳамда манзили аниқланган. Шундан сўнг Самарқанд вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан Тошкент вилояти ҳудудида ушланган.

Қайд этилишича, ушбу шахсга нисбатан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга оид