Душанба куни кечқурун берилган маълумотларга кўра, икки мамлакатда зилзила қурбонлари сони 37 минг кишидан ошган, аммо бу рақамлар якуний эмаслиги аниқ.

Туркия Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 31 643 киши ўлими тасдиқланган, қўшни Суриянинг шимоли-ғарбида эса қурбонлар сони 5714 нафарга етган.

БМТ фалокат ҳудудида 800 мингдан ортиқ киши тўйиб овқатланмаётганини маълум қилди, ташкилотнинг жойларда ёрдам кўрсатиш агентлиги эса зилзила қурбонларининг якуний сони катта эҳтимол билан ҳозиргидан икки баробар кўп бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Икки мамлакатда ҳам озиқ-овқат захиралари тугамоқда. Ҳозирги вақтда Туркия жанубидаги Адана шаҳрида бўлиб турган ҳуманитар ташкилотлар ходимларидан бирининг BBC нашрига айтишича, зарур буюмлар рўйхати улкан, ҳудудларга ички кийимлар, палаткалар ва адёллар етказиш жуда қийин бўлмоқда.

Бу ҳафта Туркия ва Сурияда ҳарорат пасайиши кутилмоқда, бу эса қутқарувчилар учун ҳам, зилзиладан кейин омон қолган бўлса-да, бошпанасини йўқотганлар учун ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдиради.

Шанба куни, қурбонлар сони 28 минг кишига етганида, БМТ бош котибининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари ҳамда фавқулодда ёрдам бўйича координатор бўлган Мартин Гриффитс бу рақам икки ва ҳатто уч баравар кўпроққа ошиши кутилаётганини айтганди.

Суриядаги вазият

Душанба куни Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрига ташрифи чоғида Гриффитс қутқарув амалиёти босқичи якунланаётгани ва ҳукумат ўз эътиборини тирик қолганларга бошпана, озиқ-овқат, мактаб таълими ва тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратишини айтди.

«Биз гаплашган одамларнинг жароҳати кўриниб турибди ва бу бутун дунё даволаши керак бўлган жароҳатдир», деди у  журналистларга Ҳалабга ташрифи вақтида.

Гриффитс хоним шунингдек БМТ тез орада ҳукумат назоратидаги ҳудудлардан мамлакат шимоли-ғарбидаги исёнчилар назоратидаги ҳудудларга ёрдам олиб киришни бошлаши ҳақида айтиб ўтди.

«Биз одамларга шу ернинг ўзида ғамхўрлик қилишимиз муҳим», деган у ва ҳозирги ҳолат кўплаб сурияликлар ўз ҳаётида бошдан кечираётган энг ёмон давр эканини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият ҳамон Сурия шимоли-ғарбидаги жабрланганларга ёрдам бера олмаяпти.