Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида тадбиркорлар, Навоий вилоятида эса аҳоли қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бундай мажбурловлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

«Товуқни ҳам бойиб кетасизлар деб сотишганди...»

Журналист Руслан Сабуров Навоий вилоятида аҳоли, бюджет ташкилотларида ишловчилар, хусусан ўқитувчилар кредит эвазига ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатишга мажбур қилинаётгани ҳақида ёзди:

«Кармана тумани Малик маҳалласида барча уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича топшириқ берилибди. Уйлар ташкилотларга тақсимланибди. Улар эса мажбурловчи ролини бажаришмоқда. 

Умуман олганда, қуёш панеллари ёмон нарса эмас, яшил энергия. Ҳар бир хонадон ўзини ўзи электр энергия билан таъминласа, бунинг нимаси ёмон, шундай эмасми? Фақат саллани олиб кел деса, каллани олиб бориш керак эмас.

Ҳозиргина «Микрокредитбанк» Кармана тумани филиали вакили қўнғироқ қилиб қолди. Бизнинг уй ушбу ташкилотга бириктирилган экан. Кредит берамиз, дадангиз кўнмаяпти, тушунтиринг, дейди. Кредит керак эмас, имкон бўлганида ўзимиз қўйиб оламиз, дедим. Йўқ, кўнмайди. «Бизни ҳам мажбурлашяпти-да, вилоят ҳокимлигидан, туман ҳокимлигидан», дейди.

Нима эмиш, кредит олиб томга қуёш панели ўрнатишимиз керак экан. Кредит олмасдан ўрнатаман, десам, 2 кунда ўрнатасизми, дейди яна. Аста масаланинг ичига «мўраласам», ўрнатиб берувчилар ҳам тайёр экан...

Биламан, банк ходимида айб йўқ, у топшириқни бажаряпти. Вилоят ва туман ҳокимлигида шу топшириқни бериб, мажбурлаётганларга эътироз туғилади-да, беихтиёр.

Биринчидан, маҳалладаги ҳамма хонадон бунга тайёрми, деган савол атрофида ўйлаб кўриш керак: мазкур маҳалладаги барча оилаларнинг иқтисодий имконияти бир хил эмас, ишсизлар, эҳтиёжмандлар, оғир аҳволдагилар бор. Елкасига кредит илиб қўйиш уларнинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Иккинчидан, маҳалладаги барча ҳам бюджет ташкилотида ишламайди. Кредит расмийлаштириш учун унинг қайтиш манбаси ҳам бўлиши керак. Ура-урада холасининг ўғли-ю, аммасининг жияни номига расмийлаштирилиб ташланган кредитлар вақт ўтиб банкка ҳам, ўша хонадонга ҳам бошоғриғи бўлади.