Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: «Ашан» Украинадаги Россия ҳарбийларига маҳсулот етказиб беряпти
Журналистларнинг даъво қилишича, тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш ниқоби остида Россиянинг «Ашан» компаниясида Украинадаги рус ҳарбийлари учун маҳсулот йиғилган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Россиядаги «Ашан» тармоғи инсонпарварлик ёрдами ниқоби остида Украинанинг босиб олинган ҳудудларида рус ҳарбийлари учун товарлар етказиб бермоқда. Бу ҳақда The Insider, Le Monde ва Bellingcat нашрлари томонидан 17 февраль, жума куни тарқатилган қўшма текширувда маълум қилинди.
Журналистлар «Ашан-Санкт-Петербург» назоратчиси Наталя Зелцернинг ёзишмалари скриншотини чоп этишди. 2022 йил 15 мартда у ҳамкасбларига йиғилиши керак бўлган «гуманитар ёрдам» рўйхати билан хат юборган. Текширув муаллифларига кўра, рўйхатдаги товарлар фақат эркаклар учун мўлжалланганлиги аниқ. «Инсонпарварлик ёрдами» таркибига устара, катта ўлчамли эркаклар кийимлари, юзлаб зажигалка ва сигареталар киради, улар одатда инсонпарварлик ёрдами сифатида берилмайди.
Мулоқотда товарларни харидор сифатида кўрсатилган икки компания The Insider нашрига ёрдам айнан рус ҳарбийларига етказилганини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқлашдан бош тортди.
Ҳисоб-фактураларда кўрсатилган барча компаниялар, суриштирув муаллифлари ёзганидек, бир-бирига боғланган ва шаҳар транспорт қўмитасига қарашли Санкт-Петербург давлат унитар корхонаси - «Пассажиравтотранс»га хизмат қилади.
Аввалроқ Петербург ижтимоий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари Александр Любимов «Транспорт қўмитасидаги ҳамкасблари билан биргаликда» Мудофаа вазирлиги учун «гуманитар ёрдам» етказиб бериш учун логистикани ишлаб чиқишганини маълум қилганди, дея эслатади The Insider. Любимовнинг сўзларига кўра, октябргача улар шу тарзда турли ташкилотлардан 280 тонна йиғиб олишган.
«Ашан» дўконларида «гуманитар ёрдам» йиғиш пунктлари Самара, Рибинск ва Владимирда ҳам жойлашган, деб ёзади газета. «Ашан»нинг Россия раҳбарияти изоҳ беришдан бош тортди, Франциянинг «Ашан» матбуот хизмати компания сиёсатдан ташқарида эканлигини ва ҳарбий хизматчиларни ҳеч қандай қўллаб-қувватлаш билан шуғулланмаётганини айтди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин «Ашан» Россия бозорини тарк этишдан бош тортган йирик халқаро компаниялардан бирига айланди. Март ойида Украина президенти Володимир Зеленский француз тармоғини бунга чақирган эди. Аммо раҳбарият бу таклифни рад этди.
«Биз дўконларимизда ҳар куни украинлар ва руслар учун нон пиширамиз, бу айни пайтда жуда муҳимдир. Бренд 20 йилдан бери мавжуд бўлган Россияда бизнинг 30 мингга яқин ходимимиз бор. Биз дискаунтер сифатида ишлаймиз ва юқори инфляция даврида аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилиш учун ўз ҳиссамизни қўшамиз, деб ишонамиз. Агар «Ашан» кетса, биз 30 минг кишини ишдан бўшатамиз, уларнинг 40 фоизи ходимлар ва акциядорлардир», деди Auchan France бош директори Ив Клод.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026