Украинада урушнинг 361-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина ҳаво кучлари пресс-атташеси Юрий Игнат Россия ракета зарбаларини амалга оширишда янги тактика қўллай бошлаганини айтди, унга кўра, россияликлар дарё ўзанлари, жумладан Днестр ва Жанубий Буг дарёлари йўналишида кам миқдорда қанотли ракеталар учирмоқда. Игнатнинг сўзларига кўра, бу орқали россиялик ҳарбийлар ракеталарни максимал даражада ер юзасига яқин ҳаракатлантириб, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини четлаб ўтмоқда — бу тизимлар пастлаб учаётган жисмларни пайқаши қийин бўлади.
- Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков Украина мазкур ҳудуддаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, зарбалар оқибатида 12 ёшли бола ҳалок бўлган. Гладков ўққа тутилаётган ҳудудлар аҳолисини «ташкиллаштирган ҳолда олиб чиқиш» бошланганини маълум қилган.
- NBC News телеканали ўз манбасига таяниб хабар қилишича, АҚШ Хитой Россияга ҳарбий ёрдам бераётганини гумон қила бошлади. Канал суҳбатдошининг маълумотларига кўра, гап жумладан «баҳорги юриш учун жиҳозлар» — ҳарбий форма ёки зирҳли нимчалар етказиб бериш ҳақида ҳам кетмоқда.
- Аннексия қилинган Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов яриморолда украин бизнесменлари ва сиёсатчиларининг «миллиардлаб рубл» миқдоридаги 700 га яқин кўчмас мулк объектлари миллийлаштирилгани ҳақида хабар берди.
- Америкадаги Урушларни ўрганиш институти экспертлари тахмин қилишича, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожинни РФ мудофаа вазирлиги билан янги қарама-қаршиликда қўлламаяпти. Кўп ўтмай Қодиров ўз телеграм-каналида «Вагнернинг махсус ҳарбий амалиёт ҳудудидаги муваффақиятларидан хурсанд бўлишдан тўхтамаслиги»ни айтиб чиқди.
- Франция президенти Эммануэл Макрон унинг мамлакати Украина ғалаба қозонишини исташи, аммо ҳеч қачон Россия «тўлиқ яксон этилиши» тарафдори бўлмаслигини билдирди.
Авдийивкадаги фронт чизиғида турган украин ҳарбийлари
Уруш бошидан буён россияликлар Авдийивкани эгаллай олмади — бу шаҳар оккупация остидаги Донецк шаҳри билан чегарадош ҳисобланади. Россия қўшини шаҳарни ўққа тутаётган маҳалда бу ерда эвакуациядан бош тортган аҳоли яшашда давом этмоқда — булар асосан кекса ёшли кишилар ёки яқинларига ғамхўрлик қилиши керак бўлганлар. Украина қуролли кучлари бош штабига кўра, Россия Авдийивка йўналишида ҳам кенг кўламли ҳужум бошлашга тайёрланмоқда. Қуйида фронт чизиғидаги Авдийивкани ҳимоя қилаётган украин ҳарбийлари акс этган суратлар.
































