Айни вақтда расмий ташриф билан Миср Араб республикасига борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор муҳим учрашувлар ўтказиши назарда тутилган. Хусусан, ташрифнинг биринчи кунида қатор маданий тадбирлар, Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва бизнес доира вакиллари билан учрашув бўлиб ўтади.

Иккинчи кунда расмий кутиб олиш маросими, шунингдек, икки мамлакат делегациялари иштирокида давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Миср муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилади.

Умуман олганда, бу ташриф нима мақсадда амалга оширилмоқда ва ундан қандай кутилмалар бор?

Миср – араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб – 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган мамлакат ҳисобланади. Дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 январда ўрнатилган. 1993 йил майда Тошкентда Миср элчихонаси очилди. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси 1994 йил декабрь ойидан фаолият юрита бошлади.

Ҳозирда Миср билан кўптомонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. 2018 йил 4-5 сентябрда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Олий даражадаги музокаралар якунида 4 та ҳукуматлараро, 7 та идоралараро ҳужжат имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси 2022 йил 4 февралда Пекинда ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасида ҳам учрашган.

2022 йил 25-26 май кунлари Қоҳирада икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари аро сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди.

2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитида доирасида Мисрга ШҲТнинг «Мулоқот бўйича ҳамкори» мавқейини бериш ҳақида ҳужжат имзоланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Миср БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида бир-бирининг ташаббусларини ўзаро қўллаб-қувватлаб келмоқда.