Полша 21 февралдан бошлаб Беларус билан чегарадаги юк машиналарини қабул қилувчи ягона пункт бўлмиш Кукурики назорат-ўтказиш пунктида ҳаракатланишни чеклашини маълум қилди, дея хабар берди Беларус Давлат чегара қўмитаси 20 февраль, душанба куни.

«Полша чегара хизмати Беларус томонига 21 февраль куни соат 21:00 дан бошлаб Полшанинг Кукурики назорат-ўтказиш пунктида юк машиналарининг ҳаракати чекланиши ҳақида маълум қилди, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Европа эркин савдо ассоциациясида рўйхатдан ўтган юк машиналари бундан мустасно», дейилади хабарда.

«21 февраль куни соат 21:00 дан бошлаб юқорида санаб ўтилган ташкилотлар ва мамлакатларда рўйхатдан ўтмаган юк машиналари Полша-Беларус чегарасидан ўта олмайди. Йўловчи транспорт воситалари учун фақат Тереспол (Беларус томонида - Брест) назорат-ўтказиш пункти қолди», - дея қўшимча қилди Беларус Давлат чегара қўмитаси.