Жаҳон | 07:59 / 21.02.2023
34476
2 дақиқада ўқилади

Туркия жанубида янги зилзила содир бўлди

Туркиянинг Ҳатой вилоятида 6,4 магнитудали янги зилзила юз берди. Ер силкинишлари қўшни вилоятлар, шунингдек, Сурия, Миср ва Ливанда ҳам сезилган.

Фото: abc

Туркия жануби-шарқидаги Ҳатой вилоятида, Сурия билан чегарага яқин жойда янги кучли зилзила юз берди. Унинг магнитудаси 6,3 баллни ташкил қилди, деб хабар берди Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмологик маркази (EMSC) 20 февраль, душанба куни кечқурун. Истанбулдаги Қандилли сейсмология маркази маълумотларига кўра, силкинишлар кучи 6,4 баллни ташкил қилган.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг маълум қилишича, 3 киши ҳалок бўлган, 213 киши яраланган.

Зилзила эпицентри Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Самандаг шаҳри яқинида жойлашган. Ер силкинишлари қўшни Туркия вилоятлари, Сурия шимоли, Миср ва Ливанда ҳам сезилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Туркия жанубидаги Антакя шаҳрида бир нечта бинолар шикастланган, деб хабар бермоқда Reuters. SAMS хайрия ташкилоти вакили Суриянинг Ҳалаб яқинидаги бир қанча шаҳарларда уйлар яна қулаганини айтди.

Икки ҳафта олдин Туркия-Сурия чегарасида кетма-кет бир неча вайронкор зилзилалар содир бўлиб, ҳар икки давлатда 46 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

Мавзуга оид