Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўтказган ўрганишларга кўра, Қашқадарё вилоятида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 2022 йилда ажратилган имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилинган ҳамда мақсадсиз ишлатилган. Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрганиш натижасида тўпланган ҳужжатлар бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тадбирлар амалга оширилди.
Департаментнинг Шаҳрисабз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаси бўйича «Б.С.Б.» МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари А.Т. – бир пайтнинг ўзида Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган. У ўз лавозимидан фойдаланиб 114 млн сўм солиқ ва йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлагани ҳамда тижорат банкининг Шаҳрисабз филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктирган ҳолда ҳужжатларни сохталаштириш орқали 162 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси 2-қисми «Б» банди (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан ҳамда бир тижорат банкининг Шаҳрисабз филиали мансабдор шахсларига нисбатан 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «Б» банди (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











