Сардор Раҳмонқулов иши бўйича апелляция суди бошланди
30 январда Олмазор туман суди 21 ёшли Сардор Раҳмонқуловни ўз синфдошига Telegram'дан диний нашида юборгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Тошкент шаҳар суди судланувчи томонининг аризасига асосан ишни қайта кўришни бошлади.
Судланувчининг адвокати биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. 23 феврал куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу апелляция шикоятини кўриб чиқишни бошлади.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, суд ҳайъати томонидан ОАВ ходимларига мобил қурилмалари билан суд мажлисида қатнашишга рухсат берилмади.
Очиқ суд мажлисида дастлаб сўз судланувчининг ҳимоячиларига берилди ва улар суддан оқлов сўради.
“Раҳмонқулов тергов ҳибсхонасида сақланган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари бир неча марта олдига кириб: “Бошқа жиноятни ҳам бўйнингга олсанг, ишингни енгиллаштириб берамиз”, деган. Биз уни биринчи судда баён қилдик. Ва биринчи суд ўзининг ташаббуси билан буни ойдинлаштирамиз, деди. Лекин бу нарса ойдинлаштирилмади. Ўша тергов ҳибсхоналарига суд томонидан сўров чиқарилиб, ҳақиқатдан қайси орган вакиллари киргани аниқлаштирилиши керак.
Раҳмонқуловнинг бувиси билан суҳбатлашдик, уларнинг уйига терроризм гуруҳининг (Терроризмга қарши курашиш бошқармаси – таҳр.) йигитлари келган. Лекин Раҳмонқуловнинг бирор-бир ҳаракатида террорчиликка олиб борувчи нарса йўқ. Шунингдек, биринчи судда мактаб, маҳалла вакиллари, имомлар томонидан фикрлар билдирилди. Бироқ судда уларнинг бирортаси эътиборга олинмади”, – дея таъкидлади Сардор Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси.
Шундан сўнг судда 2 мартга қадар танаффус эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 30 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди 21 ёшли Сардор Раҳмонқуловни диний нашидани ўз синфдошига юборгани учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилганди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмида ёзилишича, Сардор Раҳмонқулов ўзининг мобил телефонидаги Telegram иловасида бот орқали юклаб олган диний нашидани 2020 йил ноябр ойида синфдошига юборган. 2022 йил 5 июн куни унинг уйида тинтув ўтказган ИИБ ходимлари расмийлаштириб олган мобил қурилмада ушбу нашида топилган.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 июлдаги хулосасига кўра, бу диний қўшиқ ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган: уни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган.
Мавзуга оид
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024