Ўзбекистон | 18:29 / 25.02.2023
12777
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қутқарувчилари Туркиядаги вайроналар остидан 18 кишини қутқариб олди

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи Ҳатай вилоятида қутқарув ишларини якунлади.

Фото: Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) отряди 25 феврал куни Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келди. 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи 7 феврал куни табиий офат ўчоғи, аниқроғи Ҳатай вилоятига жўнатилган эди.

ФВВ хабарига кўра, Ўзбекистон отряди иштирокидаги қутқарув операцияси икки ҳафтадан кўпроқ давом этди ва шу вақт ичида улар 18 кишини қутқариб қолишга, шунингдек, 200 га яқин ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб чиқишга муваффақ бўлишди.

Қидирув-қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус техникаси ва кинология бригадалари жалб этилган бўлиб, улар қутқарувчилар билан бирга иш олиб боришди.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти топшириғига кўра, Туркиянинг табиий офат ҳудудига 6 та гуманитар юк – дори-дармон, кўрпа-тўшак, чодир ва бошқа зарур ашёлар юборилган эди. 8 феврал куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий шифокорлари бўлган самолёти ҳам Ҳатай вилоятига жўнатилди.

6 феврал куни Туркия жанубида юз берган ҳалокатли зилзилалар оқибатида 44 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, ўн минглаб одамлар жароҳатланди, минглаб уйлар вайрон бўлган эди.

Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Кипр, Греция ва Ироқда ҳам сезилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид