Жаҳон | 10:34 / 25.02.2023
19554
3 дақиқада ўқилади

Россия шаҳарларида урушга қарши акциялар бўлиб ўтди

Россиянинг Украинага бостириб кириши бир йиллиги муносабати билан Россиянинг кўплаб шаҳарларида бир неча норозилик намойишлари бўлиб ўтди: одамлар якка пикетларга чиқишди ёки вақтинчалик ёдгорликларга гул олиб боришди.

Фото: Getty Images

Россиянинг кўплаб шаҳарларида 24 февраль, жума куни Украинага Россия босқини бир йиллиги муносабати билан урушга қарши ёдгорликлар пайдо бўлди; полиция урушга қарши чиққан одамларни ҳибсга олди.

Москвада аҳоли Леся Украинка ҳайкали пойига гул қўйди. ОАВ маълумотларига кўра, полиция аввалига буни кузатган ва аралашмаган, бироқ кейин ҳибсга олишлар бошланган. Кун ярмига бориб гуллар ёдгорликдан олиб ташланди.

Санкт-Петербургда Тарас Шевченко ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида камида олти киши қўлга олинди, деб хабар беради «ОВД-Инфо». Екатеринбургда полиция «Ғам маскаси» ёдгорлигида саккиз кишини ҳибсга олди, улар орасида камида икки нафар вояга етмаган бола бор, деб ёзади ҳуқуқ фаоллари.

Ленинград вилоятининг Русско-Висоцкое қишлоғида маҳаллий тадбиркор ва фаол Дмитрий Скурихин «Украина, кечир» плакати билан яккахон пикетга чиқди. Скурихин бир неча йиллардан бери ўз дўконига Россия ҳукуматини қораловчи шиорларни жойлаб келади. Уруш бошланганидан кейин у дўконда «Украинага тинчлик, Россияга эркинлик» деб ёзди. Май ойида у «армияни обрўсизлантириш» моддаси бўйича 45 минг рубль жаримага тортилган. Кейинроқ унга нисбатан қайта «обрўсизлантириш» моддаси билан жиноий иш очилган.

Барнаул марказида камида беш киши ҳибсга олинди, деб ёзади «Автозак live». Улардан тўрт нафари Советлар майдонида учта плакат қўйиб, устига гул ўрнатишган. «Ноль километр» ёдгорлигида «Жим ўтиришни бас қилинг» плакати қўйилган яна бир киши ушланган.

Қозонда Ленин боғидаги сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорлигида ҳам вақтинчалик мемориал пайдо бўлди. Бу ерда Буча, Мариупол, Днипродан олинган фотосуратлар ва «Путин урушига йўқ» плакати ўрнатилди. Екатеринбургда полиция эрталабдан сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига ўрнатилган «Ғам маскалари» ёдгорлигида навбатчилик қилиб, «Ёшлар олмаси» акциясини кутди. Етти нафар фаол қўлга олинган, деб ёзади Sota.

Иркутскда «Мен Украинадан қўшинларни олиб чиқишни талаб қиламан» плакати билан кўчага чиққан аёл ушланди. Томскда аҳоли Каштакдаги Поклонний хочига кўк-сариқ лента ва «Днипро 14.01.2023 Украина 24.02.2022 дан бери» ёзуви туширилган белги билан боғланган гуллар қўйди, деб хабар бермоқда TB2. Бу каналга кўра, полиция шаҳардаги норозилик намойишлари ўтказилиши мумкин бўлган жойларда навбатчилик қилмоқда.

Бир кишилик акциялар Нижний Новгород вилоятининг Викса, Ярославл, Королев, Хабаровск, Владивосток ва бошқа шаҳарларда ўтказилди. Аксарият ҳолларда якка пикетга чиққанлар полиция томонидан қўлга олинган. Бутун Россия бўйлаб 20 дан ортиқ киши ушлангани ҳақида маълумот берилган.

Мавзуга оид