Жаҳон | 12:25 / 28.02.2023
6653
2 дақиқада ўқилади

Брюссел украиналик болаларнинг депортациясига оид далиллар йиғишни бошлади

Фото: Getty Images

Еврокомиссия Полша ва БМТ билан биргаликда украиналик болаларнинг депортациясига оид далилларни биргаликда йиғиш ташаббусини илгари сурмоқда, деб хабар берди DW нашрининг Брюсселдаги мухбири. 

Босқин бошидан бери минглаб украиналик болалар Россия ҳарбийлари томонидан асраб олиш учун Россияга олиб кетилди, деди Европа комиссияси расмий вакили Дана Спинант брифингда. 

«Украиналик болаларнинг ўғирланиши - катта ижтимоий муаммо, фожиа ва жиноят», дея таъкидлаб ўтди у. 

Қўшма ташаббусдан кўзланган мақсад - мажбуран олиб чиқиб кетилган болаларни топиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш. Яқин кунларда Европа Комиссияси ташаббус ҳақида батафсилроқ маълумот бериши айтилади.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба украиналикларнинг қўшни давлатга оммавий олиб чиқиб кетилишига ишора қилиб, Россияни геноцидда айблади. 

Кулебанинг сўзларига кўра, Россия томони минглаб болаларни рус оилаларига асраб олиш ва уларни рус қилиб қайта тарбиялаш учун Украинадан мажбуран олиб чиққан. 22 февраль куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг фавқулодда сессияси очилишида Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари: «Бу геноцид», деб маълум қилди.

Москва бу каби айбловларни рад этиб, украиналикларнинг Россияга кўчиб ўтишини уруш зонасидан эвакуация қилиниши билан изоҳлайди. Бундан ташқари, Россия томони болаларнинг депортация қилинишини ҳам рад этяпти, шу билан бирга даволаниш ёки дам олиш учун саёҳатлар ҳақида гапиряпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид