Жаҳон | 08:14 / 28.02.2023
28000
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Бахмут яқинидаги вазият тобора қийинлашяпти

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Бахмут ҳудудидаги ҳарбий вазият ҳақида гапирди. 

Фото: president.gov.ua

«Мен қўмондонларимиз билан доимий алоқадаман. Айниқса, шарқдаги вазият, албатта, Донецк вилоятидаги вазият эътиборга молик. Бахмут йўналишида вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Душман ўз позицияларимизни ҳимоя қилиш, мустаҳкамлаш учун доимо фойдаланиш мумкин бўлган ҳамма нарсани йўқ қилмоқда», — деди Зеленский.

Бундан ташқари, президент Россиянинг камикадзе дронлари томонидан бир кун аввал амалга оширилган ўққа тутиш ҳолати оқибатлари ҳақида гапирди. Отилган 14 та дрондан 11 тасини Украина Қуролли кучлари уриб туширишга муваффақ бўлди. 

«Афсуски, аниқ зарбалар ҳам бўлди. Хмельницкийдаги фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг 3 нафар ходими тан жароҳати олди, икки нафари ҳалок бўлди. Оилаларига ҳамдардлик билдираман. Иккинчи учувчисиз учоқ биринчисидан кейин юзага келган ёнғинни ўчириш вақтида уриб туширилди», - деди президент.

Одесса вилоятида кенг кўламли узилишдан сўнг электр таъминотини тиклашга муваффақ бўлинди. 

«Кечқурунги ҳолатга кўра, барча муҳим инфратузилма ва истеъмолчиларнинг катта қисми электр энергияси билан таъминланган», деди Зеленский.

Мавзуга оид