Ўзбекистон | 16:11 / 02.03.2023
7091
2 дақиқада ўқилади

Сенатор “Аrgos.uz” тизимида ғолиб чиққанлар ўрнига бошқалар ишга кириб кетаётганини танқид қилди

Сенатнинг 37-ялпи мажлиси давом этмоқда. Kun.uz мухбирига кўра, мажлисда сенатор Фармон Тошев ҳам сўзга чиқиб, 2023 йилда Сенат алоҳида назоратга олиши керак бўлган қатор йўналишларни санаб ўтган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенаторнинг айтишича, давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг очиқ портали – “Аrgos.uz”да имтиҳондан ўтган айрим номзодлар ўрнига бошқалар ишга жойлашиб кетаётгани ёки танловларда ғолиб бўлганлар ўрни алмашиб қолаётгани муаммоли жиҳатлардан ҳисобланади.

“Argos”, танловлар бу – янги Ўзбекистоннинг шаклланган тизими. Биз уни мустаҳкамлашимиз керак. “Argos”да ғолиб чиқдими, қўйсин, нима учун бошқаси ўтиб кетади? Унинг обрўйини кўтаришимиз керак. Кадрлар тайёрлашда ҳам.

Танловлар – қурилишдами, йўлдами... Унинг шаффоф дейилиши ҳеч кимга кўрсатилмайди дегани эмас. Булар ҳамма биладиган нарса бўлиши керак. Ютган одам олиши керак. Ишлагандан кейин таҳлил қилиш керак. Бу механизмларни такомиллаштириш керак”, – деган Фармон Тошев.

Маълумот учун, vacancy.argos.uz портали фаолияти президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 3 октябрдаги фармони билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан йўлга қўйилган.

Портал давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларига кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бунда 2021-2022 йиллар давомида 68 та давлат органи ва ташкилотлари, ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари кесимида — 14 412 та ташкилот, шундан 13 542 таси 2021 йилда уланган) уланган.

2021-2022 йиллар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан вакант лавозимлар учун 140 минг 700 та танлов эълон қилинди.

Танловларда 1,3 млндан зиёд номзод иштирок этган бўлиб, уларнинг 45 минг 349 нафари танлов ғолиби (шу жумладан, 2021 йилда 6 016 нафар, 2022 йилда 39 333 нафар) сифатида вакант лавозимларни эгаллаган.

Мавзуга оид