Ҳужумни ким амалга оширди?

2 март тонгида Брянск области губернатори Александр Богомаз Любечане қишлоғига проникла «Украинадан диверсия-разведка гуруҳи» кириб келганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, «диверсантлар» автомобилни ўққа тутишган, маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини ўлдирган ва 10 ёшли болани яралаган. Бундан ташқари, Богомаз «Украина қуролли кучларининг яна бир ҳужуми» ҳақида гапирди — Сушани қишлоғида дрон зарбасидан кейин турар жой биноси ёниб кетган. Mash ва Baza манбаларининг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, бу қишлоқ ҳудудига ҳам «диверсантлар» бостириб келган — Брянск областига ўтган «диверсия гуруҳлари» таркиби 40 нафардан 50 нафаргачани ташкил этган.

Шу билан бирга Россия пропаганда нашрларидан бирортаси Брянск областига бостириб кирилиши акс этган кадрларни намойиш этмади. Mash нашри тасдиқлашича, «диверсия»дан олдин Украина қуролли кучлари иккита камикадзе дрон орқали чегара пунктларидаги видеокузатув камераларини ишдан чиқарган.

Қурбонлар ҳақида нималар маълум?

Губернатор Богомазнинг сўзларига кўра, «диверсия-разведка гуруҳлари фаолияти оқибатида» тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган.

Любечанеда отишма вақтида жароҳатланган бола Брянск области шифохонасига етказилган, унинг ҳаётига жиддий хавф йўқ. Россия пропагандачилари мактаб автобуси ўққа тутилганини хабар қилишганди, аммо регион ҳукумати бу маълумотни рад этди.

Россия нашрлари шунингдек гуруҳ аъзолари икки қишлоқда ҳам «одамларни гаровга олгани», кейинроқ РФ ҳарбийлари ва «диверсантлар» ўртасида жанг бошлангани ҳақида ёзишганди. Аммо Сушани қишлоғини ўз ичига оладиган Новоропская қишлоқ маъмурияти одамлар гаровга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Baza манбаси Сушанида гўёки электр нимстанция ва газ станцияси портлатилгани ҳақида ҳам хабар берган — бу маълумот расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

ASTRA манбаларига кўра, Брянск областидаги отишмалар вақтида икки чегарачи яраланган.

***

Кун охирига келиб Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) «душман Украина ҳудудига сиқиб чиқарилгани, уларга ёппасига артиллерия зарбалари берилгани» ҳақида баёнот берди (бунинг тасдиғи келтирилмаган).

Ўз навбатида, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк Брянск областига «украин диверсия гуруҳи» киргани ҳақидаги хабарларни «классик провокация» деб баҳолади ва «РФда партизанлик ҳаракати кучлироқ ва тажовузкор бўлиб бораётгани»ни таъкидлади. Украина давлат чегара хизмати спикери Ондрий Демченко ҳам Россияга «украинлар диверсияси» амалга оширилгани ҳақидаги хабарни асоссиз деб атади. «Ҳозирда Россия пабликларида Россия ҳудудига украин диверсия-разведка гуруҳи киргани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар бўйича қайд этишим мумкинки, Украина — агрессор эмас, бизнинг асосий вазифамиз мудофаа ва босқинчи мамлакатдан ҳимояланишдир», — деган у.