Жаҳон | 15:44 / 10.03.2023
13040
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин «ҳақиқий уруш» учун манёврларни кучайтиришни буюрди

Артиллерия машғулотларини кузатган КХДР етакчиси ҳарбийларга «иккита стратегик вазифа: биринчидан, урушни тўхтатиш, иккинчидан, урушда ташаббусни ўз қўлига олиш»га тайёр бўлиш кераклигини айтди.

Фото: KCNA/Kyodo

Корея яриморолида кескинлик кучайган бир пайтда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин «ҳақиқий уруш» эҳтимоли бўйича янада жадалроқ манёврлар ўтказишни буюрди. 10 март, жума куни KCNA Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги хабар қилганидек, Ким Чен Ин қизи билан ҳамроҳликда дала артиллерия машғулотларини кузатган.

Агентлик томонидан эълон қилинган суратлар манёврлар давомида бир вақтнинг ўзида камида олтита ракета учирилганини кўрсатади. «Зарба бериш миссиялари» учун тайёрланган бўлинма «белгиланган сувларга кучли зарба» берди ва «ҳақиқий урушга қаршилик кўрсатиш» қобилиятини намойиш этди, деб ёзади KCNA. 

Ким Чен Ин машғулотларни кўздан кечирар экан, ҳарбийларга «иккита стратегик вазифани: биринчидан, урушни тўхтатиш, иккинчидан, урушда ташаббусни ўз қўлига олиш»га тайёр туришни айтди. Шимолий Корея раҳбарининг сўзларига кўра, бундай бўлинмалар «турли вазиятларда ҳақиқий уруш учун турли симуляция машқларини доимий равишда кучайтириши» керак. 

Корея яриморолидаги вазият сўнгги бир неча ҳафта ичида яна кескинлашди. Шимолий Корея ташқи ишлар вазирининг халқаро ташкилотлар масалалари бўйича ўринбосари Ким Сунг Кюн 5 март куни БМТни АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулотларини зудлик билан тўхтатишни талаб қилишга чақирди ва бу машғулотлар «масъулиятсиз кескинлик» эканини айтди. 

3 март куни бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Жанубий Корея ва Америка ҳарбийлари вакиллари 13-23 март кунлари сўнгги беш йилдаги энг йирик «Озодлик қалқони» машғулотларини ўтказишларини маълум қилишди. 

Мавзуга оид