Ли Цян Хитой Давлат кенгаши бош вазири этиб тайинланди
Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси Ли Цян Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири этиб тайинланди.
Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатлари шанба куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси Ли Цянни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири лавозимига тайинлашни маъқулладилар.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири лавозимига Ли Цян номзодини Хитой раиси Си Жинпинг илгари сурди, овоз бериш шанба куни эрталаб 14-чақириқ Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биринчи сессиясининг тўртинчи ялпи мажлисида бўлиб ўтди. Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг ваколат муддати беш йил, бир шахс бу лавозимни икки муддатдан ортиқ эгаллаши мумкин эмас.
Ли Цян АҚШ билан «савдо уруши» ва пандемиянинг оғир даврида ҳукуматни икки беш йиллик муддатга бошқарган Ли Кэцянни бош вазир лавозимида алмаштиради. Ли Цян технология ва иқтисодий ривожланиш соҳасида катта тажрибага эга бўлган, Хитой сиёсатида ўсиб бораётган шахс сифатида эътироф этилади, ўтган йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган ХКП 20-съездида 63 ёшли сиёсатчи ХКП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси ва партия иерархиясида иккинчи ўринни эгаллади.
Ли Цян Хитойнинг шарқий Чжэцзян провинциясида туғилган ва фаолиятининг асосий қисмини ўша ерда турли лавозимларда ўтказган, Си Жинпинг 2003-2007 йилларда провинция партия қўмитаси котиби лавозимида ишлаган. 2011 йилда Ли Цян Чжэцзян провинцияси партия қўмитаси раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаган, 2012-2016 йилларда эса унинг губернатори, 2016-2017 йилларда Чжэцзянга қўшни Цзянсу провинцияси партия қўмитаси раҳбари, 2017 йил октябрдан 2022 йил 28 октябргача - Шанҳай ХКП шаҳар қўмитаси раҳбари.
Ўтган йили экспертлар уни бош вазирлик курсиси учун пойгада фаворит деб атаганди, аммо унинг мавқейи 2022 йил баҳорида раҳбарлигидаги мегаполис коронавирус эпидемияси ва кенг миқёсли пандемияга катта қийинчилик билан дош берганидан кейин бироз пасайган.
Мавзуга оид
19:51 / 24.04.2023
Ўзбекистон экспортида Россия биринчи ўринга кўтарилди
15:51 / 24.04.2023
Ўзбекистон Хитойдан 2 млрд долларлик маҳсулотлар сотиб олди
13:48 / 23.04.2023
Хитойнинг Франциядаги элчиси Қрим статуси ва собиқ СССР давлатлари суверенитетини шубҳа остига олди
11:25 / 21.04.2023