Жаҳон | 18:44 / 13.03.2023
3933
3 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа харажатларини 5 миллиард фунтга оширади

Фото: NATO

Лондон асосий маблағни ядровий тийиб туриш кучлари учун ажратади. Буюк Британиянинг янгиланган мудофаа стратегиясида Хитой ва Россия асосий таҳдидлар сифатида кўриляпти.

Россиянинг Украинага қарши уруши ва бошқа жаҳон инқирозлари фонида Буюк Британия мудофаа харажатларини оширади. Ҳукумат 13 март, душанба куни Лондонда эълон қилган баёнотга кўра, кейинги икки йил ичида ҳарбийларга 5 миллиард фунт стерлинг (5,65 миллиард евро) қўшимча ажратилади, шу жумладан ядровий тийиб туриш ҳамда АҚШ ва Австралия билан ҳарбий блок - AUKUS учун 3 миллиард фунт стерлинг.

Тахминан 1,9 миллиард фунт стерлинг Украинага ҳарбий ёрдам туфайли анча қисқарган ўқ-дорилар арсеналини тўлдириш учун сарфланади. Буюк Британия Киевга асосий қурол етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Вашингтонга АҚШ президенти Жо Байден ва Австралия Бош вазири Энтони Албаниз билан музокаралар ўтказиш учун йўл олган Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак шундай деди: «Дунё барқарорлиги пасаяётгани ва давлатлар ўртасидаги рақобат кучайиб бораётгани сабабли, Буюк Британия ўзини ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак».

Сунакнинг сўзларига кўра, қўшимча ажратмалар натижасида 2025 йилга бориб мамлакат мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги 2 фоизидан 2,25 фоизигача ошади. Мақсад - 2,5 фоиз. Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес мудофаа харажатларини ЯИМнинг уч фоизи миқдорига етказиш талаби билан чиқди. Танқидчиларга кўра, Британия қуролли кучлари аянчли аҳволда.

2023 йилги Британия мудофаа стратегиясининг (IR23) янгиланган версияси доирасида мудофаа харажатлари оширилади. Ушбу ҳужжатда Хитой ва Россия таҳдидларига қарши курашиш Буюк Британиянинг мудофаа соҳасидаги асосий вазифаси сифатида кўрсатилган. «IR23пайдо бўлаётган геосиёсий таҳдидларга жавоб бериш мақсадида қабул қилинди: Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларидан тортиб, Хитойнинг иқтисодий босими ва давлатлар ўртасидаги рақобат кучайишигача», — дейилади Британия ҳукумати баёнотида.

Пресс-релизда таъкидланганидек, «биринчи навбатда, Россия каби» Европа хавфсизлиги учун асосий таҳдид билан курашиш керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид