Жаҳон | 14:44 / 14.03.2023
11184
2 дақиқада ўқилади

Кремл: Россия Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни тан олмайди

Халқаро жиноий суд Украинадаги уруш юзасидан Россияга қарши иккита ҳарбий жиноят бўйича иш очишни режалаштирмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия бу суднинг юрисдикциясини тан олмаслигини айтди.

Фото: PhotoXPress

Россия Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмайди, дея маълум қилди 14 март, сешанба куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия томонига қарши эҳтимолий иш юзасидан изоҳ берар экан. The New York Times (NYT) газетасининг кеча хабар беришича, Ҳаагадаги суд Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ иккита ҳарбий жиноят бўйича иш очмоқчи ва бир неча кишини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрайди.

Хабарда айтилишича, ҳолатлардан бири украиналик болаларни ўғирлаш ва уларни Россиянинг «қайта тарбиялаш» лагерларига мажбуран юбориш билан боғлиқ. Иккинчиси - Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига атайлаб зарба бериш. Бу Украинада гумон қилинаётган жиноятлар учун россиялик амалдорларни халқаро суд олдида жавобгарликка тортишга биринчи уриниш бўлиши мумкин.

Айнан кимга айблов қўйилиши номаълумлигича қолмоқда. Баъзи экспертлар президент Путиннинг ўзи айбланувчи бўлиши мумкинлигини истисно этмади, чунки ХЖС уруш жиноятлари билан боғлиқ ишлар бўйича давлат раҳбарининг дахлсизлигини тан олмайди.

Россия Федерациялар кенгаши вице-спикери Константин Косачев бир кун олдин «ХЖСда Россияга нисбатан юрисдикция йўқлиги»ни таъкидлаб ўтди. «2016 йилдан бери Россия 1998 йилги Рим статутига аъзо эмас, яъни ХЖС мамлакатимизга нисбатан ҳеч қандай юрисдикцияга эга эмас», — деб ёзди сенатор ўзининг Telegram-каналида.

Косачев, шунингдек, ХЖС ҳозирча Донбасснинг сепаратист ҳудудларига қарши «Украина расмийлари жиноятлари»га ҳуқуқий баҳо бермаганига эътибор қаратди ва Ҳаагадаги суд «танлаб суд қилиш» билан шуғулланаётганини қўшимча қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид