Сеул: Шимолий Корея қисқа масофали баллистик ракеталар учирди
Шимолий Корея Япон денгизи томон иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди, деб хабар берди Yonhap. Сеул БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси Пхенян томонидан очиқдан-очиқ бузилганини эълон қилди.
КХДР маҳаллий вақт билан соат 07:41 дан 07:51 гача (Тошкент вақти билан 03:41 - 03:51) Хванхе-Намдо провинциясининг Чангёнг ҳудудидан иккита қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди, улар Япон денгизи йўналиши бўйича тахминан 620 километр учиб борди. Бу ҳақда 14 март, сешанба куни Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар берди.
Учириш Жанубий Корея ва АҚШ мунтазам ҳарбий машғулотлар ўтказа бошлаганидан сўнг амалга оширилди. Икки давлат разведка хизматлари содир бўлган воқеани ҳар томонлама таҳлил қилмоқда, дея таъкидлади Корея Республикаси Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси.
«Биз Шимол томонидан баллистик ракета учирилишини нафақат Корея яриморолида, балки халқаро ҳамжамият даражасида тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи муҳим провокация акти, шунингдек, БМТ резолюциясини очиқдан-очиқ бузиш ҳолати сифатида кескин қоралаймиз», - дейилади қўмита хабарида. Улар Шимолий Кореяни бундай синовларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Корея Республикаси АҚШ билан мудофаа позицияларидан қўшма машғулотлар ўтказаётганини ва Пхенян томонидан «қўшимча провокациялар» эҳтимоли бор-йўқлигини ўрганишини таъкидлади.
Штаб бошлиқлари қўмитаси Шимолий Кореянинг ҳар қандай провокацияларига жавобан «босиш» имкониятига асосланган ҳолда, жанговар шайликни сақлаб қолишини таъкидлади.
Шимолий Корея 12 март куни машғулотлар доирасида сувости кемасидан иккита стратегик қанотли ракета учирди.
КМТА агентлиги тарқатган расмий ҳисоботга кўра, Кенпо кўрфази сувларидаги сувости кемасидан иккита стратегик қанотли ракеталар учирилган, улар «Япон денгизи устидан 8-шаклида траектория бўйлаб тахминан 1500 км учиб ўтиб, нишонга теккан».
Бунгача Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин раислигида Корея Меҳнат партияси Марказий ҳарбий комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилганди.
Мавзуга оид
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
12:00 / 30.10.2024
АҚШ Давлат департаменти Данияга "ҳаво-ҳаво" ракеталарини сотишни маъқуллади
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024