Жаҳон | 10:07 / 14.03.2023
7221
3 дақиқада ўқилади

Хитой 2020 йилдан бери биринчи марта барча турдаги визалар беришни бошлайди

15 мартдан бошлаб Хитой чет эл фуқароларига коронавирус пандемияси сабабли 2020 йил март ойида тўхтатилган барча турдаги визалар беришни тиклайди.

Фото: Picture Alliance

15 мартдан бошлаб Хитой чет эл фуқароларига 2020 йил март ойида коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган барча турдаги визалар беришни тиклайди. Бу ҳақда 14 март, сешанба куни Хитой ТИВ Консуллик бошқармасида маълум қилинди. Reuters аниқлик киритишича, чора Хитой иқтисодиётини деярли ярим асрдаги энг паст ўсиш суръати фонида жонлантиришга қаратилган.

Бир қатор ҳудудлар учун ҳам визасиз режим тикланади: 2018 йилнинг 1 майидан бошлаб Россия ва бошқа 58 давлатдан келган сайёҳлар Хитойнинг Хайнан оролига визасиз ташриф буюришлари мумкин эди. Худди шу режим круиз кемаларидаги саёҳатчилар учун ҳам амал қилади - агар улар Шанҳай портига кирса. Бундан ташқари, Ҳонгконг ва Макаодан келган хорижликлар гуруҳлари учун жанубий Гуангдонг провинциясига визасиз кириш қайта тикланади. 

Шунингдек, визасиз режим Гуанси-Чжуан автоном туманидаги Гуилин шаҳридаги Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСEАН) туристик гуруҳлари учун яна амал қилади. 2020 йил 28 мартгача берилган амалдаги визасига эга хорижликлар ҳам Хитойга киришлари мумкин бўлади. 

Январь ойида Хитой ўз фуқароларига хорижга чиқишга рухсат берди. Бундан ташқари, гуруҳ бўлиб бориш мумкин бўлган мамлакатлар сони ХХР ҳукумати томонидан 60 тагача кенгайтирилди. 

Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг 13 март куни бўлиб ўтган сессияси делегатлари ҳукуматнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотини беш фоизга ошириш ва мудофаа харажатларини кўпайтириш бўйича режаларини маъқуллади. 

Хитой ҳукумати локдаунлар ва карантинлар билан коронавирусга нисбатан нол тоқат сиёсатини тугатгандан сўнг, иқтисодий тикланишга умид қилмоқда. Конъюнктурани рағбатлантириш учун ўтган йилга нисбатан юқорироқ янги қарз кўзда тутилган. Хитойда бюджет тақчиллиги ҳажми тахминан 3 фоиз (ўтган йили - 2,8 фоиз) даражасида режалаштирилган. 

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши сессиясида қабул қилинган ҳукумат ҳисоботида жорий йилда 12 миллион янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган, бу 2022 йилга нисбатан бир миллионга кўп. Расмийлар ишсизликни 5,5 фоиз ва инфляцияни 3 фоиз даражасида кутмоқда. 

Мавзуга оид