Жаҳон | 08:21 / 16.03.2023
5967
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея узоқ масофали баллистик ракета учирди

Шимолий Кореянинг янги ракета синови ҳақида Жанубий Корея ҳарбийлари ва Япония Мудофаа вазирлиги эълон қилди. Ракета Япон денгизига қулаган.

Фото: KCNA/Kyodo

Шимолий Корея 16 март, пайшанба куни эрталаб узоқ масофали баллистик ракетани учириш орқали янги ракета синовини ўтказди, бу ҳақда Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ва Япония Мудофаа вазирлиги маълум қилди. Ракета Токиода Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ва Япония бош вазири Фумио Кисида ўртасида ўтказилиши режалаштирилган учрашувдан бир неча соат олдин учирилган.

Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотларига кўра, ракета Шимолий Корея пойтахти Пхенян яқинидан учирилган. Жанубий Корея миллий хавфсизлик кенгашини чақириб, Шимолий Кореянинг ракета учирилишини минтақадаги тинчликка таҳдид солувчи «провокация» сифатида қоралади. Президент Юн Сок Ёл ҳарбийларга мавжуд режага мувофиқ АҚШ билан қўшма машғулотлар ўтказишни буюрганини айтди.

Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Шимолий Корея ракетаси 6000 километрдан ортиқ масофани тахминан 70 дақиқада босиб ўтиб, Япония иқтисодий зонасидан ташқарида Япон денгизига тушиб, ҳеч қандай зарар етказмаган. Япония вазирлар маҳкамаси раҳбари Кисиданинг айтишича, Японияда ҳам Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилади.

Аввалроқ, 12 март куни Шимолий Корея сувости кемасидан очиқ денгиз томон иккита стратегик бошқариладиган ракеталарни учирди. Учириш Warrior Schield шартли номи остида сўнгги беш йилдаги энг йирик Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбий машғулотлари бошланишидан бир неча соат олдин содир бўлди. Бунгача КХДР 20 ва 19 февраль кунлари ракета синовлари ўтказилишини эълон қилган эди.

2022 йилда Шимолий Корея 50 дан ортиқ ракета синовлари билан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ракета учирди, дея таъкидлади Reuters. КХДРда ракета синовлари БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан тақиқланган.

3 январь куни президент Юн Сок Ёл Корея Республикаси Миллий хавфсизлик бошқармасига «Шимолий Корея бизнинг ҳудудий яхлитлигимизни бузувчи навбатдаги провокацияга йўл қўйса», 2018 йил 19 сентябрдаги Кореялараро ҳарбий келишувни тўхтатиб туриш масаласини кўриб чиқишни топширди.

Бу Шимолий Кореянинг учувчисиз учиш аппаратларининг Жанубий Корея ҳаво ҳудудига киришига муносабат бўлди.

Бундан аввал, 1 январь куни Пхенян яна бир бор қисқа масофали баллистик ракетани синовдан ўтказди, бир кун олдин эса Япон денгизи томон учта қисқа масофали баллистик ракетани учирди.

Мавзуга оид