Бахмут учун жанглар бошланганига етти ойдан ошди. Бу йўналишдаги Россия кучларининг асосий кучи бўлган «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари олдинга силжиётганига қарамай, украин армияси шаҳар мудофаасини давом эттирмоқда. Март ойи бошида ҳарбий компания раҳбари Евгений Пригожин Бахмут деярли қуршаб олинганини айтиб, Украина қуролли кучларига шаҳарни тарк этишни таклиф қилганди. Ҳарбий таҳлилчи Роб Ли твиттердаги саҳифасида Бахмут учун жанглар ва Украина армияси кутилаётган юриш арафасида қандай ҳолатда экани тўғрисида тред ёзди.
Роб Лининг таъкидлашича, Россия қўшинлари юриш давомида фронтнинг бир неча участкаларида илгарилашга ҳаракат қилишди, аммо уларнинг муваффақиятлари камтарона бўлди. Шу билан бирга, масалан, Вуҳледарда Россия армияси украинларга қараганда «анча катта йўқотишлар»га учради. Россия Бахмутда ҳам жиддий йўқотишлар берди, аммо бу ерда улар жанубий ва шимолий қанотдан ёриб ўтишга муваффақ бўлишди. Натижада йўқотишлар нисбати Украина қуролли кучлари учун ҳам ёмонлашди.
Россия кучларининг қанотларда олдинга силжиши шунга олиб келдики, Украина армиясининг асосий таъминот йўналишлари россияликларнинг артиллерия зарбалари етиб борадиган доирага кирди.
Феврал ойи охирида Россия артиллерияси Бахмутга ҳужумларни кучайтирди. Роб Ли буни 106-ҳаво-десант дивизияси фаолияти билан боғлайди. Россия мудофаа вазирлиги 22 феврал кунги ҳисоботида Донецк йўналишида «штурмчи кўнгилли отрядлар Россия ҳаво-космик кучларининг штурмчи авиацияси бўлмиш Тула ҳаво-десант қўшинлари бўлинмаси кўмагида муваффақиятли юриш ҳаракатлари»ни давом эттираётганини маълум қилди. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) гап айнан 106-дивизия ҳақида кетаётганини тахмин қилган.
Роб Ли шунингдек Бахмутда жанг қилаётган «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларига «улар қандай керак деб ҳисобласа шундай жанг қилишлари» ва рақибнинг заиф нуқталарини топиши учун [РФ қуролли кучлари бўлинмаларига қараганда] «кўпроқ ҳаракат эркинлиги тақдим этилган».
Украина қуролли кучлари қандай вазиятда?
Украина атайлаб асосий захираларини сақлаб турибди ва уларни Бахмут ва фронтнинг бошқа участкаларига юбормаяпти. Роб Лининг қайд этишича, Украина армияси учун ҳозирда устувор вазифа — баҳорги юриш учун янги бўлинмаларни шакллантириш ва тайёрлаш ҳисобланади. Шу билан бирга, улар фронт чизиғини ушлаб туришга уринмоқда. Таҳлилчининг фикрича, Украина қуролли кучларининг баҳорги қарши ҳужуми Россия армиясининг ҳозирда давом этаётган юришидан кўра сезиларли даражада муваффақиятга эришиши мумкин.


















