Хусусан, 2023 йил 31 январ куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди. Гумондор сифатида 29 ёшли эркак қамоққа олинди. Шунингдек, 8 март куни Самарқандда ҳам 14 ёшли қизни ўғирлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетаётган шахс аниқланиб, бу ҳолатда ички ишлар ходими бўлиб ишлаб келган эркак қамоққа олинди.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи аёл Kun.uz’га қилган мурожаатида 6-синф қизига ўқитувчиси тегажоғлик қилгани ҳақида хабар берган. Бу ҳолатни юқоридаги каби воқеалар ортидан юзага келаётган қўрқув ёки ҳушёрлик, дейиш мумкин. Масала нозиклиги туфайли воқеа туманнинг қайси маҳалласи ва мактабида рўй бераётганини очиқламадик. Бироқ халқ таълими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу воқеадан хабардор.
Ҳолат юзасидан мухбирларимиз туманда бўлиб, икки томоннинг ҳам важ ва изоҳларини ўрганди. Ўқитувчи биз билан суҳбатда аёл турли ташкилотларга тўхтовсиз мурожаат қилаётгани фаолиятига салбий таъсир қилаётгани, мавзу судда ҳам кўрилганини айтмоқда.
Тегажоғликда айбланаётган 6-синф раҳбари (эркак ўқитувчи) бўлиб ўтган воқеани шундай тушунтирди:
«Ўқувчим дарс қолдиравергани учун ота-онасини чақиртирдим. Улардан фарзанди нега мактабга келмагани бўйича тушунтириш хати беришларини сўрадик. Шундан сўнг, аввалига онаси, кейин отаси мактабда жанжал кўтарди. Ўқувчилар кўз ўнгида ёқамдан олди, ҳақоратлади.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бундан норози бўлган ота-она «қизимга тегажоғлик қилди», деб ёзиб берди. Аслида, улар воқеа юз берди дея иддао қилаётган вақтда мен бутунлай бошқа жойда бўлганман, буни судда ҳам исботлаб бердим. Айбим — «ўқувчи нега сабабсиз мактабга келмаяпти, келишини таъминланг», деб талаб қилганим. Уларда эскидан ҳеч қандай адоватим йўқ. Бу ёза-ёзлар оиламга, иш фаолиятимга ҳам халал беряпти», деди исмини сир сақлашимизни илтимос қилган ўқитувчи.
Жиноий ишлар бўйича суд ўқитувчининг фойдасига қарор қабул қилган.
Маълум бўлишича, аёл икки йил аввал — қизи 4-синфда таълим олаётганда ҳам мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси қизига тегажоғлик қилгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза берган экан. Биз ўша ўқитувчи билан ҳам суҳбатлашиб, икки йил аввалги воқеа яраштирув билан якун топганини билдик. Икки ўқитувчи ҳам муқаддам судланмаган ва ҳамиша таълим соҳасида ишлаб келган.














