Тошкентдаги янги қурилган кўп қаватли уйларнинг девори зилзиладан сўнг ёрилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳодиса жойига бориб, мутасаддилардан ҳолат юзасидан изоҳ олди. 

Яшнобод тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Иззатилла Зиёвуддиновга кўра бино икки йилдан буён шу ҳолатда турибди ва фасад қисмининг кўчиб тушиши 23 март куни тунда содир бўлган зилзила билан боғлиқ эмас.

Иззатилла Зиёвуддинов, Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари Фото: Kun.uz

“Бу лойиҳа Parkent Plaza-3 лойиҳаси бўлиб, интернетда тарқалган видеонинг зилзилага мутлақо алоқаси йўқ. Бинонинг фасади икки йилдан бери мана шу ҳолатда турибди. Бино фасадидаги декорация тушиб кетгани сабабли унинг жойини пенопласт билан ёпиб қўйишган. Ходимларимиз билан уйларнинг ичларини кўриб чиқдик, ичкарида ҳеч қандай ёриқлар йўқ.

Бу уйларни қурган FDG компанияси қурилиш материалларини олган фирма билан судлашиб, сентябрь ойида судда ютиб чиқишган. Энди улар фасад ўпирилиб тушган жойларни қайтадан тўғрилаб чиқишади”, дейди Иззатилла Зиёвуддинов.

Фасад қисми ўпирилиб тушган Parkent Plaza-3 турар жой мажмуаси Фото: Kun.uz

Расмийларнинг сўзларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида бир қатор хонадонларга кириб, у ерда ёриқлар бор-йўқлиги, фасад қисмининг кўчиб тушиши ичкарига таъсир кўрсатган ёки кўрсатмагани билан қизиқдик.

Фасади ўпирилиб тушган уйдаги хонадоннинг ички кўриниши Фото: Kun.uz

Кузатувларимиз давомида уйларнинг ичида ҳеч қандай ёриқлар ёки дарз кетиш аломатларига кўзимиз тушмади. Қолаверса, шу ерда яшовчилар ҳам фасад анча олдин ўпирилиб тушганини тасдиқлашди.