Бунинг учун улар умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонини топширишлари керак.

Миллий сертификат нима?

Сертификат – умумтаълим фанлари бўйича, масалан, математика бўйича талабгорнинг билимини аниқлаб бериш учун мўлжалланган синов.

Ҳозирги пайтгача математика, физика, кимё, биология, она тили ва адабиёт, рус тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти бўйича сертификат имтиҳонлари ўтказилди. Май ойида эса биринчи марта тарих ва география бўйича ҳам имтиҳон ўтказилади. Имтиҳонни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) ўтказади. Ҳозиргача синовда тушадиган намунавий саволлар ҳам эълон қилинган.   

Тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

Мазкур сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига киришда қуйидагича баллар берилади:

  • энг юқори баллнинг 60 фоиздан 85 фоизигача тўплаганларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл;
  • энг юқори баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганларга ушбу фандан белгиланган максимал балл; 
  • тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл.

Мажбурий фан учун белгиланган максимал баллни олиш учун талабгорнинг сертификат балли 60 фоиздан юқори бўлса етарли.  

Масалан, тиббиёт йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриент кимё ва биологиядан сертификат олиб қўйган бўлса, кириш имтиҳонида асосий блокдаги тестларни ишлаб ўтирмасдан фақат мажбурий фанлардаги тест топшириқларининг ўзинигина бажариши мумкин.

Ёки иқтисод йўналишига ҳужжат топшираётган абитуриент имтиҳондан олдин математикадан сертификат олган бўлса ва унинг фоизи 86 дан юқори бўлса, ҳам асосий блокдаги, ҳам мажбурий фанлар блокидаги математикага оид тест саволларидан озод бўлади.

Лекин агар бордию абитуриентнинг сертификат балли 86 фоиздан паст бўлса, у ОТМга ҳужжат топшираётганда мажбурий фанлар блокидаги математика фанидан максимал баллни қўлга киритиб, асосий блокдаги математика фанидан саволларни ишлаш вариантини танлаши мумкин.