Ўзбекистон | 14:56 / 29.03.2023
17108
2 дақиқада ўқилади

Оққўрғонда мактаб ўқувчилари дарс пайтида пул олиб келиш учун уйига жўнатилди

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар дарс тугамай, устозлари томонидан пул олиб келиш учун уйига жўнатилди. Болаларнинг айтишича, 10 минг сўм пул сим-карта сотиб олиш учун сўраляпти. Бу – “Ташаббусли бюджет” билан боғлиқ экани тахмин қилиняпти.

Фото: Видеолардан скриншотлар

Тошкент вилоятида бошланғич синф ўқувчилари дарс вақтида уйига пул олиб келиш учун жўнатилгани айтилмоқда. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Байгули” МФЙдаги 17-мактаб ўқувчилари экани айтилаётган болалар, видео муаллифининг дарс вақтида нега уйига кетишаётгани ҳақидаги саволига жавобан, уларнинг портфели мактабда олиб қолингани, ўқитувчилари сим-карта сотиб олиш учун 10 минг сўмдан пул олиб келишни тайинлаганини айтади.

“Устозим айтди, пул олиб келинглар деди, 10 мингдан”, дейди уйига кетаётган бошланғич синф ўқувчиси.

“Сим-карта олар экан-да, одам йиғар экан. Мактабимизга нарсалар олар экан”, дейди қўлида 10 минг сўм билан мактабга қайтаётган 2-синф ўқувчиси.

“Менга ҳам 10 мингдан деди. Сумкангни ташлаб, боринглар деди”, – дея чўнтагида пул борлигига ишора қилган бошқа бир ўқувчи.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолатни қоралаб, ўрганиш ишлари бошланганини билдирди.

“Бугунги кунда кенг оммалашиб, халқ овозига айланиб бораётган “Опен бюджет” кампаниясини бундай талқин қилиш, болалардан фойдаланишни оқлаб бўлмайди.

Вазият вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков томонидан назоратга олинди ва ўрганиш бошланди”, – дейилади расмий ахборотда.

Ҳокимликка кўра, яқин соатларда ҳолат бўйича батафсил ва асослантирилган ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги 1-мавсуми доирасида ташаббусларга овоз бериш жараёни 18 мартдан бошланган. Кампания 7 апрелгача давом этади.

Овоз йиғиш жараёнидаги ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти. Ижтимоий тармоқларда бу жараёнга ўқитувчилар, шифокорлар ва боғча ходимлари мажбурланаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Мавзуга оид