Адлия вазири Акбар Тошқулов 28 март куни журналистлар билан учрашиб, ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Очиқ мулоқот давомида вазир ОАВ ва жамоатчилик вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳам жавоб берди.

Тадбирда қатнашган журналист Мусулмонбек Иброҳимов Қашқадарёда 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга қамалгани, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Асака туманининг собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан 3 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани, зарар миқдори каттароқ жиноят учун енгил жазо тайинланиши жамоатчиликда қонун устуворлигига нисбатан саволларни келтириб чиқараётганини таъкидлаб, вазирнинг бу борадаги фикри билан қизиқди.

“Битта нарсани билиш керак, жинояларнинг квалификацияси бўйича ҳар бир жиноятга нисбатан белгиланган санкциялар бор. Суд санкциялар доирасида ишлайди.

Пора миқдори кичкина бўлса ҳам, бизда порахўрлик жинояти санкция жиҳатидан юқорироқ. Буни тўғри тушуниш керак. Масалан, Жиноят кодексидаги 167-моддага (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) нисбатан 210-модда (Пора олиш) учун кўзда тутилган жазо юқорироқ. Пора миқдори минг сўм бўладими, юз минг сўм бўладими, беш юз минг сўм бўладими, бир миллион сўм бўладими [бунинг аҳамияти йўқ].

Тасаввур қилинг, битта шифокор 100 минг сўм пора олиб келмасанг операция қилмайман, деяпти. Бунинг оқибати ҳам юқори, шунинг учун қонунларда шундай юқорироқ жазо қўйилган. Жамиятга таъсири жуда катта. Шу нуқтаи назардан ҳар битта моддани тўғри тушуниш керак”, деб айтган Акбар Тошқулов.