Блинкен: Сулҳ Россиянинг Украина ҳудудларини эгаллаганини тасдиқловчи ҳужжатга айланмаслиги керак
Ўт очишни тўхтатиш келишуви Россиянинг Украинадаги бир қатор ҳудудларни эгаллаб олганини тасдиқловчи ҳужжатга айланмаслиги керак, дейди АҚШ давлат котиби.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украинага қарши урушида сулҳ бўйича музокаралар олиб бориш учун ҳозирги босқичда ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти. Бу ҳақда Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари 7 апрель, жума куни Funke медиа-гуруҳи ва Франциянинг Ouest-France газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
«Агар ўт очишни тўхтатиш келишуви можаронинг тўхтаб қолишига, Россиянинг Украинадаги айрим ҳудудларни эгаллаб олишини ратификация қилишга олиб келадиган бўлса ва бу Россияга ўзига қулай бўлган вақтда қайта куч тўплаш, дам олиш, кейин яна ҳужум қилиш имконини беради деб талқин қилинса, бу адолатли бўлмайди», - деди Америка дипломатияси раҳбари.
Блинкеннинг сўзларига кўра, БМТдаги 141 давлат адолатли тинчлик ва ташкилот низомидаги «Россия томонидан бузилган ҳудудий яхлитлик» асосий тамойилларига ҳурмат кўрсатиш тарафдори бўлган.
Энтони Блинкен Ғарбнинг иккита мақсади борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, биринчиси, Украинага Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни, хусусан, яқин бир неча ҳафта ичида кутилаётган қарши ҳужум орқали қайтариб олишда қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатиш.
Иккинчиси, Киевга тажовузни тўхтатиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун ўрта ва узоқ муддатли салоҳиятни шакллантиришга ёрдам бериш, дея қўшимча қилди АҚШ давлат котиби. Украинага вайронагарчиликдан қутулиш учун катта саъй-ҳаракатлар керак бўлади, деди у. Бундан ташқари, Россия йўналишини ўзгартирмагунча, санкциялар ва экспорт назорати орқали Москвага «мисли кўрилмаган босимни сақлаб туришимиз керак», деди у.
Блинкен, шунингдек, Кремлнинг Беларусда тактик ядро қуролини жойлаштириш режаларига ҳам изоҳ берди. «Биринчидан, бу мутлақо масъулиятсизликдир», - дея таъкидлади америкалик дипломат. «Ядро қуроли ҳақида гапирган ёки уни қўллаш билан яширин ёки очиқ таҳдид қилган ягона давлат – бу Украинага қарши тажовуз даврида – Россиянинг ўзи», деди у.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024