Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматининг маълум қилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ТҚКБ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида диний муҳитни соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ижтимоий тармоқларда мониторинг тадбирлари давомида Ҳожиакбар Носиров Тelеgrаm мессенжеридаги ACTIVIST канали орқали ҳар хил турдаги диний мазмундаги видеоларни, яъни Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги 18-660-сонли хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан маъмурий иш расмийлаштирилиб, судга оширилган. 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган Ҳожиакбар Носировга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.
“Иш ҳужжатларига кўра, Ҳожиакбар Носиров ИИО ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилиш учун Ҳожиакбар Носировга сўз берилганида ҳуқуқбузар ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортди”, дейилади расмий ахборотда.
Таъкидланишича, Ҳожиакбар Носиров кўрсатма беришдан бош тортган бўлса-да, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, Тelеgrаm мессенжеридаги ACTIVIST каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
“Суднинг қарори билан Х.Н. МЖтКнинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкин”, дейилади расмий баёнотда.
















