ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотларига кармин (E120) моддаси қўшилгани сабаб бу маҳсулотларни истеъмол қилмаслик кераклигини айтиб видео чиқариши ортидан, 8 апрел куни 15 суткага қамалган эди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази бу модда қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз ёки жоиз эмаслиги юзасидан изоҳ берди.

Кармин – қизил рангли бўёқ бўлиб, озиқ-овқат қўшимчаси сифатида ишлатилади. Бу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил номли ҳашаротдан олинади.

ЎзМИ Фатво ҳайъатига кўра, тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламолар томонидан айтилган.

“Бу борада Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли фатвосида қуйидагилар баён қилинган: “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараён Ислом шариатида “истиҳола”, яъни бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.

Бу масалада ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деганлар:

“Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.

Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: “Кармин E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.