11 апрелга ўтар кечаси Камчаткада Шивелуч вулқони уйғониши бошланди. Вулқон кули атрофдаги аҳоли яшаш манзиллари устига ёпирилди.
Кул 20 километр баландликка кўтарилган - бу Шивелучни кузатиш тарихидаги энг юқори баландлик. Натижада вулқонга яқин ҳудудларда авиация хавфсизлиги билан боғлиқ қизил режим эълон қилинган.
«Кул булути Шивелучдан 500 километр шимоли-ғарбга тарқалган ва тарқалишда давом этмоқда. Уст-Камчатский районининг Ключи ва Козиревск посёлкаларига кул ёғиши кучайиб бормоқда», деган Россия фанлар академияси Узоқ Шарқ бўлими вулқоншунослик ва сейсмология институти директори Алексей Озеров.

Унинг сўзларига кўра, Ключи - Усть-Камчатск йўли ҳудудида лой оқими хавфи сақланиб қолмоқда.

Ноқулай об-ҳаво шароити (қор ва қорбўронлар) туфайли Шивелуч вулқонининг видеокузатувини олиб бориш мураккаблашган.

Фото: DMITRY LEVIN/TASS
11 апрел куни кул ва қор ёғиши оқибатида иккита аҳоли яшаш пункти - Козиревск посёлкаси ва Майское қишлоғи электр таъминотисиз қолган.
ФВВ хабарига кўра, бошқа ҳудудларда, жумладан ўлка маркази ҳисобланган Петропавловск-Камчатскда ҳам кул ёғиши эҳтимоли истисно қилинмайди.
«Шамол йўналиши ўзгариши муносабати билан Бистринский, Милковский, Тигилский, Елизовский районлари ва Петропавловск-Камчатск ҳудудига вулқон кули тушиши эҳтимоли истисно этилмайди», дейилган ФВВнинг минтақавий бошқармаси хабарида.



















