Наманган вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Чуст туманида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқарога тегишли Hundai Sonata русумли, 01 T 234 ZA давлат рақами билан жиҳозланган транспорт воситаси ҳозиргача 152 та ҳолатда тезликни белгиланган меъёрдан оширгани аниқланган. Барча қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарималар миқдори 410 млн сўмга етган.

“Терговга қадар текширув транспорт воситасини рўйхатга олиш гувоҳномаси йўқлиги, 01 T 234 ZA давлат рақам белгиси эса ЙҲХХдан рўйхатдан ўтказилмагани аниқланган. Давлат рақам белгиси ҳақидаги маълумотлар тизимда мавжуд эмаслиги боис содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқаришнинг имконияти бўлмаган.

Ушбу ҳайдовчи ҳеч қаерда қайд этилмаган давлат рақам белгиси билан автомашинани исталган тезликда бошқариб инсонлар ҳаётига хавф солиб келган. Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади деб бежиз айтишмайди. Энди у ноқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келади”, дейилади вилоят ИИБ расмий телеграм-каналида эълон қилинган видеода.

Қайд этилишича, айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, автомашина эса жарима майдонида сақланмоқда.

Рўй берган воқеа ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевнинг ҳам эътиборини тортган. У 152 марта тезликни оширган ҳайдовчини “йўл террористи” деб атаган. Блогернинг фикрича, мана шундайларнинг дастидан ҳар йили минглаб инсонлар ҳалок бўлмоқда, қанча оила ота-она ёки фарзанд доғида куймоқда.

“Лекин бунақалар барибир йўқолиб кетмайди. Яна янгилари чиқаверади. Чунки тизим шунга йўл қўйиб беради. Мана, масалан, шу видеода айтилишича, 01 Т 234 ЗА сохта рақамига 152 та қоидабузарлик қайд этилган бўлса-да, лекин бу рақам базада бўлмагани учун жарима қўллаш ҳақида қарор чиқаришнинг имконияти бўлмабди эмиш.

Нима??? Тушунмадим, шу пайтгача 152 марта сохта рақам радарларга тушган бўлса, лекин у базада бўлмаса, нега уни тезда текширмадинглар? Нега кўчаларда сохта рақамли битта машина тезликни 152 марта оширгани қайд этилган бўлса-да, уни бартараф этиш чорасини кўрмадинглар? Нега қидирувга берилмади? Нега йўллар тўсилмади?