Жаҳон | 08:25 / 12.04.2023
12905
2 дақиқада ўқилади

Россия қитъалараро ракета синовдан ўтказилганини эълон қилди

Россия Мудофаа вазирлиги қитъалараро баллистик ракета муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, Астрахан вилоятидан учирилган қитъалараро ракета Қозоғистондаги полигонда нишонга тегди.

Фото: pravda.com

Россия Мудофаа вазирлиги қитъалараро баллистик ракета (ҚБР) муваффақиятли синовдан ўтганини эълон қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, Астрахан вилоятидаги Капустин Яр полигонидан учирилган ерустида жойлашувчи ҚБРнинг ўқув жанговар каллаги Қозоғистондаги Сари-Шаган полигонида нишонга тегди.

Россия Мудофаа вазирлиги ракета учирилишидан мақсад «қитъалараро баллистик ракеталар учун истиқболли жанговар техникани синовдан ўтказиш» эканини билдирди. Вазирлик баёнотида айтилишича, синовлар «янги стратегик ракета тизимларини яратишда фойдаланилган схема ва техник ечимларнинг тўғрилигини тасдиқлаш» имконини берди.

Сўнгги йилларда, айниқса Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг, халқаро кузатувчилар Москвани ҳарбий таҳдид яратишда бир неча бор айблашди. 25 март куни Россия президенти Владимир Путин ўн йилликлар ичида биринчи марта Россия тактик ядро қуролини мамлакатдан ташқарида, – Беларусда мамлакат раҳбари Александр Лукашенко билан келишилган ҳолда жойлаштириш нияти борлигини маълум қилди. Бундай қуроллар қитъалараро баллистик ракеталар ёрдамида нишонга етказиладиган стратегик ядровий қуролларга қараганда кичикроқ масофага ва бузғунчи кучга эга.

Путиннинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида Россиянинг тактик ядро қуролларини жойлаштириш учун махсус омбор қурилиши 1 июль куни якунланиши керак. Ўнта самолёт ушбу турдаги қуроллардан фойдаланишга тайёр, «Искандар» ташувчи комплекси тақдим этилди, деди Россия Федерацияси президенти.

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Россия ядро қуролининг Беларусда жойлаштирилишини «масъулиятсиз эскалация ва Европа хавфсизлигига таҳдид» деб атади ҳамда бунинг учун Москвага янги санкциялар билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид