7 апрел куни ушбу сериаллар режиссёри, продюсери, туркиялик машҳур режиссёр Меҳмет Бўздоғ Ўзбекистонга қисқа ташриф билан келди. 

Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги ташрифдан фойдаланиб, ОАВ учун режиссёр билан матбуот анжумани ташкил қилди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган қатор саволлар билан Меҳмет Бўздоғга мурожаат қилишди.

Шоҳира Ҳамро, журналист:

— «Мендирман Жалолиддин» сериали якунига етяпти. Сериалдан қанчалик кўнглингиз тўлди ва кейинги мавсумини кутишимиз мумкинми?

— Хоразмшоҳ Жалолиддин тарихи ўрганилса, у ҳеч қачон бировга бош эгмаган ва таслим бўлмаган шахс. Дунёдаги бир нечта ҳукмдорнинг ҳаётини кўрсатиб беришга муваффақ бўлдим, уларнинг ҳаётини ўрганиб чиқдим. Улар ичида Жалолиддин энг муҳим тарихий аҳамиятга эгаси. Биз мана шу олинган икки мавсумда Жалолиддиннинг руҳий дунёсини очиб беришга ҳаракат қилдик. Унинг ёшлик йилларини, катта бўлган муҳитини, бошқа ака-укаларидан фарқли томонларини ёритишга ҳаракат қилдик. Агар Жалолиддинга атрофидагилари хиёнат қилмаганда, улар Жалолиддин атрофида бирлаша олганда, Чингизхон бутун дунёга ҳукмрон бўлолмасди. Баъзида ҳамма нарса биргина кучли ҳукмдорга боғлиқ бўлмайди, унинг атрофидагилар муҳим ўрин тутади. Агар унинг атрофидагилар ҳам яхши бўлганда эди, давлат оёққа турарди. Биз шундай хулосага келдик. Сериал бошқа давлатларда ҳам эфирга кетади.

Лойиҳа давомида Ўзбекистон президенти, унинг қизи Саида Мирзиёева ва маданият вазири катта иш қилишди. Ўзбекистонлик актёрлар сериалнинг яхши чиқиши учун жуда катта меҳнат қилдилар. Биринчи мавсум пандемияда жуда оғир ўтди. Ўзбек актёрлари 8 ой меҳмонхонада ётишга мажбур бўлишиб, катта сабр ва интизом кўрсатишди. Иккинчи мавсум анча бемалол бўлди. Энди олдимизда учинчи мавсум турибди. Режа бўйича 3-мавсум бўлиши назарда тутилган ҳозирча.

Ҳозир Амир Темур ҳақидаги фильм тўғрисида ўйлаяпмиз. Менинг университетдаги диплом ишим ҳам Амир Темур ҳаётига бағишланган эди.

Меҳмет Бўздоғ

Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири:

— Сиз олаётган сериаллар қанчалик муваффақиятга эришмасин, уларда тарихийликдан, фактлардан қочиш кучли экани танқид қилинади. Бундай танқидларни ҳатто Туркияда ҳам эшитамиз. Нима, бусиз кино қизиқарли чиқмайдими?