Интернетда боши кесилган ҳарбий хизматчиларнинг даҳшатли видеолари пайдо бўлди. Катта эҳтимол билан, улар украиналик. Тахминларга кўра, бу ваҳший қотилликлар Россия ҳарбийлари томонидан содир этилган. Икки видео ҳам очиқ манбаларда мавжуд, таҳририят ахлоқий сабабларга кўра уларга ҳавола бермайди.

Биринчи бир ярим дақиқалик видеода оқ лентали (одатда Украинадаги рус ҳарбийлари томонидан идентификация учун ишлатилади) ва ниқоб таққан ҳарбий кийимдаги одамлар Украина нишони туширилган формадаги тирик одамнинг бошини кесиб ташлаган.

Видеода рус ҳарбийларидан бири рация орқали музокаралар олиб борган ва иккинчисига (пичоқ билан қотиллик қилганга) кўрсатмалар берган. Суҳбат рус тилида олиб борилган.

Ерда ётган сариқ лентали формадаги (уруш даврида бундай ленталардан Украина ҳарбийлари фойдаланмоқда) эркак қичқириб, раҳм-шафқат сўраган: «Оғрияпти! Керакмас!» Яқин атрофдаги одамлар пичоқли қотилни олқишлаган.

Кейин видео иштирокчилари камерага Украина нишонлари туширилган зирҳли нимчани кўрсатади, шундан сўнг: «Сумкага *****. Командирга юборилсин» деган ибора янграйди.

Фото: Видеодан кадр

Видеонинг ҳақиқийлиги ҳали расман тасдиқланмаган. Видеода ёрқин яшил барглар кўринган, шунинг учун бу видеоёзув ўтган йили ёзда ёзиб олинган бўлиши ҳам мумкин.

Бу билан деярли бир вақтда тармоқда Украина кийимидаги боши кесиб олинган аскарлар акс этган яна бир видео пайдо бўлди.

Бу видеодаги кадрларда ҳалокатга учраган зирҳли машина ёнида ерда ётган, боши кесилган икки жасадни кўриш мумкин. Ҳалок бўлган аскарларнинг қўлларидаги панжалар ҳам кесиб ташланган.

Россия телеграм-каналлари ушбу видео «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари томонидан Бахмут атрофида олинганини тахмин қилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Украина реакцияси

Украина президенти Володимир Зеленский видеоларга муносабат билдирар экан, дунёнинг ҳар бир мамлакати етакчиси бу ваҳшийликка муносабат билдириши кераклигини айтган.

«Дунёда ҳеч ким эътиборсиз бўла олмайдиган нарса бор: бу ҳайвонлар инсонни қанчалик осон ўлдиряпти. Украиналик асирнинг қатл этилиши акс этган бу видеони бутун жаҳон кўриши керак. Бу Россиянинг ҳақиқий юзини кўрсатган видео... Бу биттагина эпизод эмас, олдин ҳам шундай бўлганди. Бучада минглаб марта шундай қатл бўлган... Биз ҳеч нарсани унутмаймиз ва қотилларни кечирмаймиз. Барчаси учун қонуний жавобгарлик бўлади», деган Украина президенти.