Аслида бундай гап-сўзларда бирор янгилик йўқ — ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш аввалги шов-шувли қотилликлардан сўнг ҳам тилга олинган, бироқ, одатда, Россияда бундан нарига ўтилмайди.
2021 йилнинг сентябрида Кузбасснинг Кисилёвск шаҳарчасида маҳаллий турғун икки нафар 10 ёшли қизалоқларни булғаб, бўғиб ўлдиргач, «Справедливая Россия» депутати Михаил Емелянов педофиллар учун ўлим жазосини тиклашга чақирган эди. 2022 йилнинг январида унинг партиядоши Султон Ҳамзаев Костромада 5 ёшли қизалоқ ўлдирилгач, худди шу таклиф билан чиқди. Ҳамзаев нафақат педофилларни, шунингдек, редицивистлар ва қотилларни ҳам қатл қилиш кераклигини таъкидлаган эди.
Бундай баландпарвоз баёнотлар муайян қонун лойиҳаси кўринишида давом этмайди, бироқ оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалади ва шафқатсиз ва резонансли қотилликлар фонида ўлим жазосини қайтаришни талаб қила бошлаган жамоатчилик кўз ўнгида депутатларнинг нуфузини кўтариб беради. Чунки Кислёвскда қизалоқлар ўлдирилгач, педофилларга ўлим жазоси бериш тўғрисидаги петицияни айнан маҳаллий аҳолининг ўзи жойлаштирган.
Бу марта ўлим жазосини қайтариш талаби билан кимлар чиқиш қилди? Мораторийни бекор қилишнинг азалий тарафдори, РЛДП раҳбари Леонид Слуцкий. У Татарский билан видолашиш маросимининг ўзидаёқ Россия «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция протоколларига ортиқ боғланмагани»ни айтиб, мораторийни бекор қилишга чорлади. Бир йил аввал у Украинанинг «Азов» бўлинмасидан асирга тушган жангчилар учун ўлим жазоси белгиланишини талаб қилган эди.
Татарский ўлдирилгач, Россияга ўлим жазосини қайтаришни «Справедливая Россия — За правду» партияси раҳбари Сергей Миронов ҳам талаб қилиб қолди. У шундай таклиф билан РФ Конституциявий суди раиси Валерий Зоркинга мурожаат қилиб, таклифини, жумладан, «геосиёсий вазият», «коллектив ғарб хатти-ҳаракатлари» ҳамда афтидан, Санкт-Петербургда содир этилган ва Татарксий ўлдирилган портлашни назарда тутиб, Россияда содир этилаётган террорчилик актлари билан ҳам далиллантирди.
Миронов шу йилнинг мартида «уруш тарғиботчиси» ўлдирилишидан икки ҳафта аввал ҳам ўлим жазосини тиклашга чақирган, ўшанда депутат педофиллар, террорчилар ва уларга ёрдам берувчи шахсларга нисбатан мораторийни бекор қилишни таклиф қилган эди.
Россия Европа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясининг ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги протоколини 1997 йилда имзолаган. Икки йил ўтгач, Россия Конституциявий суди ўлим ҳукмларини ижро этишга мораторий жорий қилган. Ўшанда Федерация Кенгаши спикери бўлган Миронов ўзини «ўлим жазосига принципиал қарши одам» деб атаганди.
Ўтган йили Россия Европа Кенгашини тарк этгач, қонун чиқарувчилар яна ўлим жазосини қайтариш эҳтимолини муҳокама қила бошлашди. Бироқ алалоқибат Конституциявий суд раиси Зоркин буни 1999 ва 2009 йилги суд қарорларига кўра имконсиз, деб атади. Унинг сўзларига кўра, мораторий фақат янги конституция қабул қилингандагина бекор қилиниши мумкин. Кремл эса Татарский ўлдирилганидан кейин ўлим жазосини бекор қилиш «муҳокама қилинмаслиги»ни маълум қилган.

















