Жаҳон | 17:45 / 15.04.2023
11435
2 дақиқада ўқилади

Суданда армия ва тезкор кучлар ўртасида жанглар бошланди

Фото: AP

Тезкор ҳаракат кучлари жангчилари Хартумдаги президент саройи ва аэропорт эгаллаб олингани ҳақида хабар беришди. Аввалроқ RSF армияни базани оғир қуроллардан ўққа тутганликда айблаган эди.

Суданда 15 апрель, шанба куни мамлакатдаги ҳукмрон хунта ва тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида жанглар бошланди. RSF вакиллари президент саройи - генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон қароргоҳи ва пойтахт Хартумдаги халқаро аэропортнинг эгаллаб олингани ҳақида хабар беришди. Бу маълумот ҳали мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. 

Аввалроқ RSF армия ўз базаларидан бирини қуршаб олгани ва уни оғир қуроллардан ўққа тутгани ҳақида хабар берган эди. Хорижий мухбирларга кўра, Хартум кўчаларида қурол аравалари ва зирҳли техникалар ҳаракатланмоқда. Гувоҳларнинг хабар беришича, Хартум ва қўшни шаҳарларда отишма содир бўлган. 

Бир неча ўн йил давомида мамлакатни бошқарган Умар ал-Башир 2019 йилда чуқур иқтисодий инқирозга учраган Судандаги оммавий норозилик намойишлари фонида ҳокимиятдан ағдарилган эди. Мунтазам армия ва RSF ўшанда халқ қўзғолонларини биргаликда қўллаб-қувватлади. 

Ал-Башир ағдарилганидан сўнг ҳарбийлар ва фуқаролик гуруҳлари ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишиб олдилар, бироқ 2021 йил октябр ойида Суданда давлат тўнтариши кузатилди, натижада мамлакатдаги ҳокимият бутунлай генерал ал-Бурҳон қўлига ўтди. RSF раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало яқинда Суданни демократияга олиб боришга ваъда берган ҳаракатга раҳбарлик қила бошлади. 

Мавзуга оид