Жаҳон | 15:57 / 19.04.2023
3950
2 дақиқада ўқилади

Болгария Украинадан маҳсулот олиб киришни вақтинча тақиқлади

Фото: AP

Болгария транзитдан ташқари Украина озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишни вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида бош вазир в.б. Гилиб Донев маълум қилди, деб хабар бермоқда «Радио Болгария». 

У бу қадам сабабини «ўтган йил давомида мамлакатда сезиларли миқдорда озиқ-овқат қолиб кетгани ва озиқ-овқат таъминоти занжирини бузгани» билан изоҳлади. 

«Агар тенденция давом этса ёки кучайса, Болгария бизнеси учун оқибатлари ниҳоятда оғир бўлиши мумкин. Биз бу миллий чорани кўришга мажбурмиз, чунки Европа расмийлари ҳали ҳам адекват чоралар устида ўйлашда давом этмоқда», - деди Донев.

Унинг таъкидлашича, София ҳамон Украина билан бирдамликда, лекин «Болгария қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг банкротлиги бунга ҳисса қўшмайди».

Бундан олдин Руминиядаги ҳукмрон Социал-демократик партия (PSD) коалицион ҳукуматдан Украина ғалласи импортини вақтинча тақиқловчи фармонни тасдиқлашни сўрашини билдирганди.
 
Аввалроқ бундай қарор Полша, Венгрия ва Словакия расмийлари томонидан қабул қилинган эди

«Шу билан бирга, Руминия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бошқа мамлакатларига ёки Қора денгиз савдо йўлларига транзитини осонлаштириш орқали Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак», дейилади Руминия қишлоқ хўжалиги вазири Петре Дая аъзоси бўлган партия баёнотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид