19 апрел куни Москва шаҳар суди сиёсатчи Иля Яшиннинг Россия армияси ҳақидаги «фейклар»ни тарқатганликда айбланиб, 8,5 йилга қамалган ҳукми устидан берилган апелляцияни рад этди. Жиноят иши очилишига Яшиннинг YouTube ижтимоий тармоғида Бучада тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақидаги трансляцияси сабаб бўлган эди. Мустақил журналистлар томонидан олиб борилган текширувлар бу қотилликларда россиялик ҳарбийларнинг алоқадорлигини тасдиқлади. Судда видеоалоқа орқали иштирок этган Яшин Россия президенти Владимир Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб атади. Meduza Иля Яшин нутқининг тўлиқ матнини келтирди.

Муҳтарам судьялар, ҳурматли тингловчилар.

2022 йил 9 декабрда мен ҳарбий цензура тўғрисидаги қонунга биноан ҳукм қилиндим. Ушбу қонун юридик кучга эга эмас ва Конституцияга зиддир. Аслида, бу президент Путин томонидан Украинага қарши бошланган уруш бўйича Россия расмийларининг позициясига очиқчасига қўшилмасликни ноқонуний тақиқлайди. Бу уруш БМТ резолюцияси билан мустақил давлатга қарши жиноий тажовузкорлик ҳаракати сифатида расман тан олинган.

Менга тайинланган ҳукм ҳайратланарли: Интернетда 20 дақиқалик нутқ учун саккиз ярим йил қамоқ. Қамоқхонада мен жиноятлари учун енгилроқ жазо олган кўплаб қотиллар, жинсий зўравонлар ва босқинчиларни учратдим. Алоҳида таъкидлайман — ҳақиқий жиноятлар учун, гапирган сўзлари учун эмас.

Менинг айбим нима? Мен рус сиёсатчиси ва ватанпарвари сифатидаги бурчимни бажарар эканман, бу уруш ҳақида ҳақиқатни рост айтдим. Ва, хусусан, Украинанинг Буча шаҳрида Путин қўшинлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида гапирдим.

Мен панжара ортида ўтирганимга деярли бир йил бўлди. Бу вақт ичида бир нечта муҳим воқеалар содир бўлди. Биринчидан, Бучада содир бўлган воқеалар бўйича тўлиқ текширувлар ўтказилди. Россия қисмлари олиб чиқилгач, шаҳарда бутун дунёдан келган терговчилар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ишлади. Кўп сонли қабрлар ва тинч аҳолининг оммавий қабрлари топилди. Сунъий йўлдош тасвирлари, дронлардан олинган видеолар, мессенжерлар ва кўча кузатув камераларидаги хабарларга кўра, аскарлар томонидан ўққа тутилган ўнлаб оддий фуқаролар ҳаётининг сўнгги дақиқаларини тиклаш мумкин эди. Ўлганларнинг баъзилари қўллари орқаларига боғлаб қўйилган, аслида улар қатл қилинган.

Бучада бўлган рус ҳарбийларининг телефон суҳбатлари эълон қилинди. Улар ўз оилаларига қотиллик содир этганини айтиб, тинч аҳоли қирғинида қатнашгани учун ақлдан озишдан қўрқаётганидан шикоят қилишди. Бунга жалб қилинган бир қатор жангчилар ва қўмондонларнинг исм-шарифи ва чақирув белгилари аниқланди. Журналистлар уларнинг баъзилари билан боғланиб, деярли иқрор сўзларини эълон қилишди.