18:30 / 21.04.2023
6273

Чехия Россия газидан бутунлай воз кечди

2023 йилнинг биринчи чорагида Чехия Россия гази импорти қарамлигидан қутула олди.

Фото: ТАСС

Республика Саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, йил бошидан буён мамлакатга Россия гази импорт қилинмаган.

«Импорт қилинган 1,71 миллиард куб метр газнинг умумий ҳажмининг 100 фоизи Германия орқали ўтди. Бу даврда газ Словакия орқали ўтмади. Бу эса Россия қувурлари орқали Чехия ҳудудига газ кириши мумкин бўлган ягона жойдир», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Германия орқали Бельгия ва Нидерландиядан суюлтирилган газ, шунингдек, Норвегиядан табиий газ олинган.

«Чехия тарихида биринчи марта йилнинг биринчи чорагида биз Россиядан газ олмадик. Бу катта муваффақият… Бунга барчамиз ҳисса қўшдик. Лекин бу биз ғалаба қозонганимизни англатмайди. Қишда Европа Россия таъминоти узилгани сабабли камроқ газга эга бўлади. Шунинг учун келажакда газ истеъмолига масъулият билан ёндашиш керак», деди саноат ва савдо вазири Йозеф Сикела.

Вазирлик маълумотларига кўра, 1 январдан 16 апрелгача бўлган даврда газ истеъмоли 2,9 миллиард куб метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 13,6 фоизга, сўнгги уч йилдаги ўртача истеъмолга нисбатан 19,7 фоизга камайган.

Top