Жаҳон | 17:31 / 22.04.2023
10997
2 дақиқада ўқилади

Белгородда "портловчи буюм" туфайли аҳолини эвакуация қилиш бошланди

Белгородда Шаландин ва Губкин кўчалари, шунингдек, Ватутин проспектидаги 17 та кўп қаватли уй аҳолиси эвакуация қилинади, бу 3000 дан ортиқ одамга таъсир кўрсатади, деб хабар берди Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков.

Фото: Pavel Kolyadin/TASS/dpa/picture alliance

Унинг таъкидлашича, Шаландин, 15-уй манзилида "фавқулодда ҳолат" рўй берган - "сапёрлар томонидан портловчи буюм топилган", уни полигонда зарарсизлантиришга қарор қилинган.

21 апрел оқшомида Белгородда яшовчи журналист Никита Парменов “шаҳарга яна бир снаряд тушгани, бу катта эҳтимол билан иккинчи бомба” эканини, у портламагани ҳақида маълумот берди. 

Унинг сўзларига кўра, воқеа биринчи бомба тушган жойдан бир кўча нарида, Шаландин кўчасида содир бўлган.

Белгороднинг марказий қисмида 20 апрель куни кечқурун авиабомба портлаб кетди, уни Россиянинг Су-34 ҳарбий самолёти шаҳарга ташлаб юборди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани “авиация ўқ-дорисининг ғайритабиий тушиши” деб атади. 

“20 апрель куни ҲКК Су-34 самолётининг Белгород шаҳри узра парвози чоғида авиация ўқ-дорисининг ғайритабиий тушиши содир бўлди. Натижада турар жой биноларига шикаст етган, жабрланганлар йўқ. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида. Мудофаа вазирлиги бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Аввалроқ Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Telegram-каналида портлашдан сўнг марказий кўчалардан бирининг (Ватутин – Губкин) чорраҳасида радиуси 20 метр бўлган улкан ўра ҳосил бўлганини ёзган эди. 

“Яқин-атрофдаги турар жой биносининг ойналари синган, портлаш натижасида тўхтаб турган бир нечта машина шикастланган ва электр узатиш линиялари ишдан чиққан”, — дейилади унинг постида.

Мавзуга оид