Кремл матбуот хизмати 3 майга ўтар кечаси Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берди. Россия президенти бу вақтда у ерда бўлмаган. Шундан сўнг россиялик шарҳловчилар Кремлни «режа асосида ва шафқатсизлик билан» жавоб зарбалари йўллашга чақира бошлади. Киев ҳодисага алоқадорлигини рад этиб, бундай йўл тутса, бу Россияга Украинада тинч аҳолига ҳужумларни оқлаш учун асос беришини таъкидламоқда.
Кремлдаги бинолардан бири устида қора тутун ҳосил бўлгани акс этган дастлабки видео москваликлар гуруҳида тунда пайдо бўлган. Кун давомида Кремл матбуот хизмати «Кремлдаги қароргоҳга учувчисиз учар қурилмалар билан ҳужум қилишга уриниш» бўлгани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг дронлар зарбаси акс этган яна бир қанча видеолар тарқалди.
Ҳодисага Москв ва Киевда қандай муносабат билдирилмоқда?
Жавоб зарбаларига ташналик
«Россия томони ўзи хоҳлаган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дейилади Кремл хабарида.
Россиялик сиёсатчилар ва ҳукуматпараст z-блогерлар ҳам Украинага ҳужумларни кучайтиришга чақирмоқда, уларнинг фикрича, Киев «қизил чизиқ»ни босиб ўтган.
«Президентга нисбатан содир этилган теракт — бу Россияга ҳужумдир», деди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин. Унинг сўзларига кўра, «Киев режими» (у Киевдаги ҳукуматни террорчи деб атаган) «Россия, Европа, бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда».
«Зеленский режимини қуроллар билан тўйинтирган Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари англаши керакки, улар террорчилик фаолиятининг нафақат ҳомийси, балки тўғридан тўғри иштирокчиси ҳам бўлиб қолишди», деган у ва «Киевдаги террорчи режимни тўхтатиш ва йўқ қилиш»га қодир қуролни қўллашни талаб этган.
Давлат думасининг Қримдан бўлган депутати Михаил Шеремет Володимир Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳи бўйлаб зарба беришга чақирган. «Киевда террорчилар ўтириб олган, улар билан эса, барчага маълумки, музокара ўтказишдан маъно йўқ. Уларни фақат йўқ қилиш керак, зудлик билан ва шафқат қилмасдан. Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳига ракета зарбаси йўллаш вақти келди. Координаталарни беришга тайёрман — Банковая кўчаси, 11, ўша ерда Украина президенти администрацияси жойлашган», деган депутат.
Депутат Алексей Журавлев ҳам Киев марказини нишонга олиб зарба беришни таклиф қилган: «Президент офисини йўқ қилиш, Олий Рада, Бош штаб, Украина махсус хизматлари жойлашган биноларни бутунлай вайрон қилинг».

















