3 майга ўтар кечаси Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига иккита дрон ҳужум қилди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, президент ўша пайтда Кремлда бўлмаган. Ҳужумни айнан ким уюштиргани номаълум. Россия расмийлари Украинани айбламоқда. Киевдагилар «Москвага ҳам, Путинга ҳам» ҳужум қилмаганини айтмоқда ва бу Россиянинг провокацияси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Meduza бу назариялар ҳақида сиёсатшунос, фуқаролик-ҳарбий муносабатлар бўйича тадқиқотчи ва Европа ташқи ишлар кенгашининг таклиф қилинган тадқиқотчиси Кирилл Шамиев билан суҳбатлашди.

— Сизнингча, Россия расмийларининг Украина Кремлга ҳужум қилгани ҳақидаги версияси қанчалик асосли?

— Менимча, бу кўп сабабларга кўра мантиқий. Келинг, бу Даря Дугина ва Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши мантиғига тўғри келишидан бошлайлик. Бу ҳеч қандай ҳарбий ва ҳаттоки, бевосита маъмурий аҳамиятга эга бўлмаган жуда рамзий нишонларга ҳужум. Булар президент маъмуриятининг баъзи амалдорлари эмас, «Первый канал» тарғиботчилари эмас, балки Z-ватанпарвар рус жамоатчилиги учун мафкуравий жиҳатдан жуда муҳим одамлар.

Менимча, Украина сиёсий раҳбарияти имкон қадар Россиядаги ички сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир оммага эълон қилинган Қримнинг озод этилиши катта вазифадир. Агар Кремлдаги сиёсий ҳокимият ҳозиргидек қаттиққўл бўлиб қолса, бу ҳудудларни ҳарбий йўл билан қайтариш жуда қийин бўлади.

[Аммо] Россияда [уруш бошланганидан кейин] ким қолди? Кўпчилиги – ҳамма нарсадан норози Z-жамоат вакиллари, бошқалари эса давлат томонидан босим остида қолганлар. Қотилликлар ҳам, рамзий ҳужумлар ҳам [урушни қўллаб-қувватловчиларнинг] яна бир ғазаби. Владимир Путин мағлуб бўлаётганининг яна бир белгиси. Бу — Кремлни қўриқлаётган ФСО учун ҳам, Владимир Путин учун ҳам шармандалик.

Иккинчи нуқта – Украинанинг реакцияси. Улар ҳеч қачон масъулиятни тўғридан тўғри ўз зиммасига олмайди, аммо [Украина расмийларининг] ОАВдаги изоҳларидан реакция мувофиқлаштирилгани аниқ.

Бундан ташқари, сўнгги кунларда биз [Россияда] темирйўл инфратузилмасига бир неча ҳужумларни, электр инфратузилмасига муваффақиятсиз ҳужумларни кўрдик. Шунингдек, Қримдаги ҳарбий техника учун ёнилғи етказиб берувчи нефт омборига дрон ҳужуми содир этилди. Менимча, [Украина армиясининг] қарши ҳужуми аллақачон бошланган. Буни шаклланиш босқичи деб аташ мумкин.