Жаҳон | 16:34 / 06.05.2023
12314
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Украинага миналардан тозалаш машиналарини беради

Фото: Picture Alliance

Швейцариянинг Global Сlearance Solutions (GCS) компанияси 2023 йил охиригача Украинага 20 га яқин минадан тозалаш воситаларини етказиб бериш ниятида, деб хабар берди Украина вақтинча босиб олинган ҳудудларни реинтеграция қилиш вазирлиги

Унинг маълумотларига кўра, бундай етказиб бериш вазирлик ва GCS механизациялашган миналардан тозалаш ускуналари ишлаб чиқарувчиси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида назарда тутилган.

«Автомобиллар Миколайив, Харкив ва Херсон вилоятларининг босиб олинган ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва муҳим инфратузилма объектларидан мина ва портламаган ўқ-дориларни тозалаш учун ишлатилади», — дея таъкидлади Реинтеграция вазирлиги. 

Украина ҳудудининг қарийб 30 фоизи - 174 минг квадрат километр майдон - миналаштирилган бўлиши мумкин, чунки кучли жанговар ҳаракатлар кузатилган. Globsec таҳлил марказининг 26 апрел куни чоп этилган ҳисоботига кўра, бу ҳудудлар Россия кучлари томонидан қолдирилган портловчи моддалардан тозаланиши керак.

Унинг экспертлари фикрича, Украина Афғонистон ва Сурияни ортда қолдириб, дунёдаги энг катта миналаштирилган ҳудудга айланди. Айни пайтда, Украинанинг кўплаб миналаштирилган ҳудудларини ўрганиш ва ҳатто уларга кириш қийинлигича қолмоқда, Украина ҳудудининг тахминан 18 фоизи ишғол остида.

Таҳлилчиларга кўра, энг кўп миналаштирилган ҳудудлар Украина қўшинлари томонидан қайтариб олинган Харкив ва Херсон вилоятларидир, чунки "рус қўшинлари у ерда узоқроқ вақт давомида бўлган". 

Шу билан бирга, миналардан тозалаш муаммосининг характери 2022 йил феврал ойида Россия тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан олдинги вазиятдан фарқ қилади, деб ёзади ҳисобот муаллифлари ҳамда оғирроқ ва узоқроқ ҳарбий ҳаракатларга, потенциал ифлосланиш майдонининг 10 баравар кўпайишига, шунингдек, ҳозирда ишлатилаётган ўқ-дориларнинг анча кенг доирасига ишора қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид