Kun.uz Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, воқеа кеча, 5 май куни Қамаши туманидаги Чим деҳқон бозорида содир бўлган.

“2023 йил 5 май куни Қамаши тумани Чим деҳқон бозорида бир нафар фуқаро елкасига Ўзбекистон Республикаси байроғини тақиб юргани бозорда хизмат ўтаётган Қамаши тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ТП профилактика инспекторлари томонидан аниқланган.

Фуқаро тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслигини, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслигини тушунтирганида, фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган.

Натижада белгиланган тартибда Қамаши туманида яшовчи фуқаро Р.И. билан профилактик суҳбат ўтказилган”, дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотида.

Ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг “тегишли моддалари”га кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.

Шу ўринда ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан баъзи саволлар келиб чиқмоқда.

Бир томондан, улар қонун бўйича ҳаракат қилган. Чунки 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳақида”ги қонуннинг 5-2-моддасида шундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас”.

Лекин ҳар йили 25 май куни мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинадиган кун яқинлашганда бутун мамлакат бўйлаб бозорларда Ўзбекистон байроғи рамзига “Битирувчи” деб ёзилган лента савдоси авж олади. Бундай ленталарни сўнгги қўнғироқ куни минглаб мактаб битирувчилари тақиб юради. Балки қаерлардадир бундай ленталар оёқ остига ҳам ташланиб кетар. Лекин бу ҳолатда лента ишлаб чиқарувчиларга ҳам, битирувчи ёшларга ҳам жавобгарлик қўллаш масаласи кўрилмайди, шундай экан, бу норма нега қамашилик йигитга келганда ишлаб кетди?