«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг маълум қилишича, Россия мудофаа вазирлиги унга ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун зарур миқдорда қуроллар ва ўқ-дориларни етказиб беришни ваъда қилган.

Шунингдек, вазирлик томонидан берилган жанговар буйруқда рақиб қуршовига тушиб қолишининг олдини олиш учун қанотлар ҳам кучайтирилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, Пригожиннинг сўзларига кўра, «Вагнер»нинг вазирлик билан ҳамкорлик масалалари Россия ҳаво-космик кучлари қўмондони ва Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони ўринбосари Сергей Суровикин масъул бўлади.

«Вагнер гуруҳи»нинг мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатлар доирасида барча қарорларни қабул қилувчи инсон сифатида бизга Суровикинни беришмоқда. Бу эса армиядаги қандай жанг қилишни биладиган ягона юлдузли генерал», деган Пригожин.

«Вагнер» ХҲК асосчиси якунланган ҳафта давомида Шойгу ва бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовга ўта қўпол шаклда видеомурожаат йўллаб, ўзининг тузилмасини ўқ-дорилар билан таъминлашни талаб қилган ва акс ҳолда 10 май куни «Вагнер» ХҲКни Бахмутдан олиб кетиш билан таҳдид қилганди.

Шанба куни эса Рамзан Қодиров унинг чиқишларига муносабат билдириб, Пригожинни уйдаги гапларни (ихтилофни) кўчага олиб чиқишда айблаб, «Ахмат»ни вагнерчилар ўрнига Бахмутга юборишга тайёрлигини айтди.

Чеченистон раҳбари чеченларнинг «Ахмат» махсус топшириқли бўлинмасини «Вагнер» ХҲК ўрнига Бахмутга юборишни сўраб, Путинга расман мурожаат йўллаган.

«Россия Федерацияси олий бош қўмондони В.В. Путин номига «Ахмат» бўлинмаларини Артёмовск (Бахмут) шаҳрига кўчириш бўйича кўрсатма беришни сўраб хат ёздим. Мактаб аллақачон юборилди», дейилади Қодировнинг телеграм-каналида мактуб нусхаси илова қилинган постда.

Мактубда президентдан мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Росгвардия бошлиғи Виктор Золотовга Бахмутга «Ахмат» бўлинмаларини юбориш ва уларга «Вагнер» ХҲКнинг у ердаги позицияларини топширишга буйруқ бериш сўралган.

Пригожин Бахмутдаги позицияларни топширишни бошлаш учун Қодировнинг вакиллари билан алоқа ўрнатгани ҳақида хабар берганди.