Ўзбекистон | 14:31 / 13.05.2023
8240
2 дақиқада ўқилади

Тўлов ташкилотларини лицензиялаш тартиби тасдиқланди

Фото: Getty Images

Марказий банк бошқарувининг қарори билан Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • лицензия олиш талаблари ва шартлари;
  • тўлов ташкилотининг муассислари, раҳбарлари ва устав фондига (устав капиталига) қўйиладиган талаблар;
  • ташкилий, техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талаблар;
  • лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;
  • аризани кўриб чиқиш, лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тартиби;
  • лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва лицензияни чақириб олиш тартиби.

Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ҳамда норезидент юридик ва жисмоний шахслар тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти муассислари (иштирокчилари ёки акциядорлари) бўлиши мумкин.

Халқаро молия институтлари, чет эл банклари ҳамда чет эл тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ҳисобланмайдиган норезидент юридик шахслар ҳамда норезидент жисмоний шахсларнинг тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти устав фондидаги (устав капиталидаги) жами улуши 50 фоиздан ошмаслиги керак.

Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ижро этувчи органларининг раҳбарлари: олий маълумотга эга бўлиши, банк-молия соҳасида ёки АКТ соҳасида камида икки йиллик тажрибага эга бўлиши; низомда белгиланган ишчанлик обрўсига доир талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Лицензия Марказий банк томонидан чекланмаган муддатга берилади. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган вақтдан бошлаб вужудга келади. Лицензия берилганлиги учун “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда белгиланган миқдорида давлат божи ундирилади.

Мавзуга оид